жамоат намози

Жамоат намози
Маълумки, жамоат билан намоз ўқишлик Исломнинг виқорли кўринишларидан биридир. Мусулмонлар ўзаро аҳиллик ва тотувликда, одоб ва ахлоқ ила ибодатда жамланиши бутун жамият аъзолариннг паст-баланд ҳолатларидан хабардор бўлиб турмоқнинг энг яхши усули ҳамдир. Шунингдек, биз учун улуғ ибодат масканидир.
Аллоҳ таоло:
وَإِذَا كُنتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلاَةَ فَلْتَقُمْ طَآئِفَةٌ مِّنْهُم مَّعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُواْ فَلْيَكُونُواْ مِن وَرَآئِكُمْ وَلْتَأْتِ طَآئِفَةٌ أُخْرَى لَمْ يُصَلُّواْ فَلْيُصَلُّواْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ وَدَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُم مَّيْلَةً وَاحِدَةً وَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن كَانَ بِكُمْ أَذًى مِّن مَّطَرٍ أَوْ كُنتُم مَّرْضَى أَن تَضَعُواْ أَسْلِحَتَكُمْ وَخُذُواْ حِذْرَكُمْ إِنَّ اللّهَ أَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَاباً مُّهِيناً
Яъни: «Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Хушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир. Ва қачон уларнинг ичида бўлсанг ҳамда уларга намозни қоим қилсанг, улардан бир тоифаси сен ила турсинлар», деган. (Нисо. 102)
Шарҳ: Ушбу оятда Аллоҳ таоло хавф бўлиб турганда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни жамоат намози ўқишга амр қилмоқда.
Бундан тинчлик пайтида жамоат намоз ўқиш зарурлиги ўз-ўзидан маълум бўлади.
Абу Хурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
«Жамоат бирлан ўқилган намознинг савоби уйда ўқилган намознинг савобидан 25 марта ортиқдир, чунким қайси бирингиз бўлмангиз, яхшилаб таҳорат олиб намоз ўқийдирман, деган ниятда масжидға равона бўлсангиз, масжидга етиб келгунингизча босган ҳар бир қадамингиз учун Оллоҳ таоло мавқеингизни бир даража кўтарғаидир ва бир гуноҳингизни кечирғайдир. Киши масжидга киргач, унга намоз ўқиётган кишига тегадирган савоб теккусидир. Намоз ўқиб турганида, агар таҳоратини синди-риб озор бермағайдир, малоикалар тепасида туриб: «Илоҳи, бу бандангни кечирғил, унга раҳм қилғил!» деб салавот айтиб туришғайдир».
Яна бошқа ҳадисда йигирма етти баробар ортиқлиги айтилган:
Абдуллоҳ ибн Умар ривоят қиладирлар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жамоат бирлан ўқилган намоз савоби ёлғиз ўқилган намоз савобидан 27 марта ортиқдир»,— дедилар».
Жамоат билан намоз ўқиган одам ёлғиз ўзи намоз ўқиган одамга қараганда йигирма беш марта кўп савобга эга бўлар экан.
Бундоқ бўлиши сабаби қуйидагилардан иборат экан:

1. Жамоат намози ўқиган одам яхшилаб таҳорат қилиб, масжидга чиқади. Унинг нияти соф бўлади. Масжидга боришдан жамоат намози ўқишдан бошқа мақсадни кўзламайди. Шунинг учун, босган ҳар қадимда мартабаси бир даража бир гуноҳи ўчирилади.
2. Жамоат билан намозни ўқиб бўлиб, таҳоратини кетказмай намозгоҳида турса фаришталар унга саловот айтадилар. Бу ҳам, намозини ёлғиз ўзи уйида ўқиса ҳосил бўлмас эди.
3. Жамоат намозини ўқиб бўлиб кейинги намозга интизор бўлса, худди намоз ўқиётган одамнинг савобини олади. Бу ҳам ёлғиз намоз ўқиган одамга ҳосил бўлмайди.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг намоздан энг катта ажр оладигани юриб келиши узоқ бўлганидир. Имом билан намоз ўқишга интизор бўлганнинг ажри намозни ўқиб бўлиб ухлаганнинг ажридан улуғдир», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Анваржон Холиқов. Асака туманидаги «Пастки Қурама» жоме масжиди имом хатиби
Манбалар: Ал-жомеъ ас-саҳиҳ. ziyouz.com kutubxonasi ва Ислом.уз сайти