Халқимизда”Бўлинганни бўри ер” деган мақол. Кўпчиликдан ажраган кимса ҳақиқатан хатарда қолади. Ҳар бир ишга кўпчилик яхши. Бўлганда ҳам ҳаммаси бир жамоат бўлса, ҳар қандай душманга ғолиб келиши мумкин.
Динимиз таълимотларида ҳам кўпчиликнинг жамланишига буюрилади. Жамоатдан ажраб алоҳида фирқа бўлишга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда бир қанча оятлар ҳам бор:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاَ تَمُوتُنَّ إِلاَّ وَأَنتُم مُّسْلِمُونَ * وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ * وَلْتَكُن مِّنكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ * وَلاَ تَكُونُواْ كَالَّذِينَ تَفَرَّقُواْ وَاخْتَلَفُواْ مِن بَعْدِ مَا جَاءهُمُ الْبَيِّنَاتُ وَأُوْلَـئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг. Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф–наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар, ўзлари нажот топгувчилардир. Ўзларига очиқ баёнотлар келганидан кейин бўлиниб ихтилофга тушганларга ўхшаш бўлмаганлар, ана ўшаларга улуғ азоб бордир.
Ҳар қандай сафар йўлида ҳам ёлғизлик ҳамда жамоатдан ажралиш инсонни ҳалок қилиши турган гап. Сафарларнинг энг эътиборлиси ва муҳими бўлган охират томон бошлаган сафаримиз бўлмиш ҳаёт йўли, умр йўлида ҳам ана шундай жамоа зарур. Хусусан мусулмон банда бу йўла ҳушёр бўлиши, катта жамоадан ажраганлар қаторига кирмасдан, кўпчилик томон юзланиши керак.
Динимиза энг катта жамоат аҳли сунна ва жамоат йўлидир. Бу йўлда асосан тўрт мўътабар мазҳаб бор – Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий. Шулар ичида ҳам энг кўпи Ҳанафий мазҳабидир.
Аллома Зафар Аҳмад Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ “Эълоус-сунан” китобида шундай деганлар: “Тўрт мазҳаб имомлари ҳақиқатан тўғри йўл ва ҳидоятдадир. Бир юртда улардан қайси бирининг мазҳаби тарқалган бўлса, унинг уламолари ва китоблари кўп бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши (оят ва ҳадислардан ўзи мустақил ҳукм чиқаришга қодир бўлмаган киши) учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Ўз юртида кенг тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган мазҳабга эргашиш жоиз эмас. Чунки бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши билинг. Иншааллоҳ, ҳақиқат бундан бошқада эмас.
Агар бир юртда барча мазҳаблар тарқалиб, машҳур бўлган бўлса, ҳамда у мазҳабларнинг уламолари ҳам етарли бўлса, ижтиҳод даражасига етмаган киши учун улардан бирини танлаб, ўша мазҳабга эргашиши жоиз бўлади”.
Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи ижтиҳод даражасига етмаган кимсаларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади. Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада яшовчи кимсаларга ундай эмас. Чунки у ерда барча мазҳабларни топиш имконияти бор”.
Машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Мажмаъул муассас фил мўъжамил муфаҳрас” асарида ўзлари шофеий бўлишларига қарамасдан ҳанафий мазҳабимизни мақтаб шундай деганлар: “Ҳанафий мазҳабида бизнинг мазҳабимизда учрамайдиган мустаҳкам асосга эга қоидалар бор”.
Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг ярмидан ортиғи айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар.
Хуллас, мазҳаблар, хусусан ҳанафий мазҳабимиз ҳақидаги мақтов ва эътирофлар ниҳоятда кўп бўлиб, бу жойда уларнинг барчасини келтиришга имкон йўқ.
Сулаймонов Баҳодир. Асака т. «Файзобод» жоме масжиди имом хатиби
