Кечиримли бўлинг

Бу ўткинчи дунёда бизларга берилган умр жуда ҳам қисқа. Шундай экан инсонлар бир-бирларига озор бермасликлари лозим. Мободо бирор гап-сўз ўтиб қолган тақдирда ҳам дарҳол уруш-жанжал қилмасдан, балки муроса қилиб, кечиримли бўлиш керак.
Бу ҳақда ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Киши иложи борича инсонлар билан муроса қилиши, улар билан тортишмаслиги, хусуматлашмаслиги лозим. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳ мeни бутларга сиғинишдан қайтарганидан кeйин энг аввал қайтарган нарсаси – хамр ичиш ва кишилар билан урушиб тортишишдир» деганлар.”
Жобир разияллоҳу анҳу Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:
«Инсонлар билан муроса қилиш садақадир».
Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинади – Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳга иймон кeлтиришдан кeйинги энг ақлли иш инсонлар билан муроса қилишдир. Киши кeнгаш маслаҳатидан ҳалок бўлмайди. Киши ўзининг фикри билан кифояланса, бахтли бўлолмайди. » деганлар.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу бир куни хизматкор қулини чақирдилар. Қул жавоб бермади. Яна чақирди. Жавоб бермади. Учинчи марта чақирганида ҳам жавоб бермади. Бориб қараса, шунчаки ёнбошлаб ётибди. Ҳатто ухлаб ҳам қолган эмас.

  • Ҳой ғулом! Чақирганимни эшитмадингми? – сўради ҳазрат Али разияллоҳу анҳу.
  • Эшитдим, – бамайлихотир жавоб берди қул.
  • Унда нега жавоб бермадинг?
  • Барибир мени жазоламаслигингизни билганимдан хотиржам бўлиб, боргани эриниб ётавердим, – деди қул. Шунда Али разияллоҳу анҳу:
  • Ундай бўлса сен Аллоҳ йўлида озодсан, – деб озод қилиб юборди.

Улуғбек қори Йўлдошев. Холид ибн Валид жомеъ масжиди ходими. Асака