Кунларнинг саййиди бўлган жума куни ўзининг фазилатлари билан ажралиб туради. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жума куни ҳақида шундай дедилар:
“Бу кунда шундай фурсат борки, мусулмон банда намоз ўқиш учун шу вақтга дуч келади ва Аллоҳдан нимани сўраса, истаганини шубҳасиз беради”. У зот фурсатнинг жуда қисқалигини қўллари билан ишора қилиб кўрсатдилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан кунларнинг яхшиси, ойларнинг яхшиси ва амалларнинг яхшиси ҳақида сўрадилар.
“Кунларнинг яхшиси — жума кунидир. Ойларнинг яхшиси — Рамазон ойидир. Амалларнинг яхшиси — вақтида ўқилган беш вақт намоздир” деб жавоб берди ибн Аббос.
Ҳа, бу кун фазилатли кундир. Ҳатто Қурондаги бир сура шу куннинг номи билан аталади. Мазкур сурада жума ибодатига чорланади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِي لِلصَّلَاةِ مِن يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Жума куни намозга нидо қилинганда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир”.
Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Чунки жума куни Одам яратилган ва жаннатга киритилган ҳамда жума куни у ердан чиқарилган”, дедилар. Яна ўша зотдан ушбу ҳадислар ҳам ривоят қилинган:
“Кимки чиройли таҳорат қилиб, кейин масжидга келиб, ваъзга жим қулоқ тутиб турса, икки жума ўртасидаги ва яна уч кунни қўшиб, ҳаммаси бўлиб, ўн кун ичидаги гуноҳи кечирилади. Кимки хутба пайтида майда тошларни ушласа, бефойда (лағв) ишни бажарибди”.
“Жумадан жумагача, Рамазондан Рамазонгача беш вақт намоз шу вақт орасида бўлиб ўтган кичик гуноҳларга каффоратдир. Агар кабира (улкан) гуноҳлардан сақланилган бўлса”.
“Қавмлар жумани тарк қилишдан тўхташсин. Бўлмаса Аллоҳ уларнинг қалбларига муҳр уриб қўяди. Сўнгра ғофиллардан бўлиб қоладилар”. (Муслим ривоятлари)
“Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси Жума кунидир. Унда Одам халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат куни ҳам фақатгина Жума куни қоим бўлур”. (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган)
Абу Довуд қуйидагиларни зиёда қилган:
“Унда унинг тавбаси қабул қилинди. Унда у вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно”.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
