Маддоҳлик ҳалокатдир

Инсонлар орасида учраб турадиган салбий хислатлардан бири бировни ноўрин мақташ – маддоҳлик. Маддоҳлик мақталаётган кишини ҳам мақтовчини ҳам ҳалок қилади.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг бошқа бировни мақтаб маддоҳлик қилаётганини эшитиб қолдилар ва:

”Ўша одамни ҳалок қилдиларингиз(ёки белини синдирдиларингиз)”, дедилар”(Икки шайх ривояти).

Маддоҳлик мақталган кишини ўзидан кетишига ва ҳовлиқиб, бузилишга олиб боради. Шунинг учун маддоҳлик қилмаслик ва мақтовга учмаслиги, бировларни ҳурмат қилишидан ғурурга кетмаслиги зарур.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир киши зикр қилинди. Бир одам унга яхши мақтов айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча марта:

“Шўринг қурисин! Соҳибингнинг бўйнини кесдинг! Агар бирор тангиз ноилож мадҳ айтадиган бўлсангиз, ”Ундай деб ўйлайман, бундай деб ўйлайман”, десин. Агар ана шундайлиги кўрилган бўлса, унинг ҳисоб-китоб қилувчиси Аллоҳдир. Аллоҳга бировни поклаб кўрсатмасин”, дедилар”(Учовлари ривояти).

Ўринли ва адолатли мақтов мумкин. Баъзан яхшиликка тарғиб учун мақтовга зарурат ҳам туғилади. Суфён ибн Уяйна: ”Ўзини билган одамни мадҳ қилиш зарар қилмайди”, деган.

Мадҳда олтита офат бор. Уларнинг тўрттаси мадҳ қилувчида, иккитаси мадҳ қилинувчидадир.

Мадҳ қилувчидаги офатлар қуйидагилар:

1.Мақташда ҳаддан ошиб,ёлғон қўшиб юбориш.

2.Мақташда риёкорликни аралаштириш. Мисол учун, айтаётган гапи унинг эътиқодига тўғри келмайди.

3.Маддоҳ гоҳида рўёбга чиқмайдиган нарсани ёки моҳиятини англаш қийин нарсани гапиради. Мисол учун,”Бу киши ўта тақводор, парҳезкор ва зоҳиддир”, дейилиши каби.

4.Маддоҳ золим ёки фосиқ одамни мақтаб, хурсанд қилади.

Мақталган шахсдаги офатлар:

1.Мақтов мақталган одамнинг кибрига ва ўзини устун кўришига сабаб бўлиши мумкин.

2.Мақталган мақтовга учиб, ўзидан рози бўлиб, ҳимматини йўқотиши мумкин.Уламоларимиз мазкур олти офатддан холи бўлинса, мақтов жоизлигини айтишади.

Улуғ машойихлардан бўлмиш Абу Язид Бистомий мажлисларида одам кўпайиб кетганини у зотни эҳтиром қилаётганларини мулоҳаза қилиши билан дарҳол: ”Аллоҳим, албатта Ўзинг яхши биласан,улар Сени қасд қилмоқдалар. Лекин улар мени Сенинг ҳузурингда топдилар”, дер эдилар.

 

Муҳаммадали Зоҳидов. Асака т. «Муҳиддин саҳҳоф» жоме масжиди имом хатиби