Меҳмонга бориш одоби

Айтилган жойга бориш мўмин-мусулмон инсоннинг бурчларидандир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Кимки чақириққа ижобат қилмаса, Аллоҳ ва Унинг расулига осий бўлибди” – дедилар.

 Бахилнинг таомига ижобат қилинмайди.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Сахийнинг таоми шифо, бахилники эса касалликдир” –дедилар (Байҳақий ривояти).

Риё (бировлар кўриб қўйсин) ва сумъа(бировлар эшитиб қўйсин) учун тайёрланган, ҳамр қўйиладиган жойга ҳам борилмайди. Чақирилган жойга бораётганда нафснинг хоҳиши учун эмас, балки,  Аллоҳга ижобат қилиш ва мўминга хурсандчилик улашиш мақсадида борилади.

Абдуллоҳ ибн  Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Кимки мендан кейин бир мусулмонни хурсанд қилса, мени хурсанд қилибди ва кимки мени хурсанд қилса Аллоҳни ҳам хурсанд қилибди” – дедилар.

Демак ҳар бир мусулмон банда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашган ҳолатда мусулмон дўстининг кўнгли кўтарилишини ният қилмоғи зарур.

Меҳмон мезбоннинг уйидаги нарсаларини тафтиш қилмайди. Мезбон кўрсатган жойга ўтиради. Ҳар томонга боқиб ноқулайлик туғдирмай, кўзини тияди. Чунки бундай қилса хонадон соҳиби ҳижолат бўлади.

Туз ва сувдан бошқа истагини изҳор қилмайди. Олдига келтирилган таомни айбламайди. Нарсалар гарчи ҳақир бўлса-да, ҳеч бирини таҳқирламайди. Сут, хушбўйлик, ёстиқ ва зам-зам суви рад қилинмайди.

Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига меҳмон келса, зам-зам суви берардилар”.

Меҳмон уй эгасига буйруқ қилмайди. Чиқмоқчи бўлса изн сўрайди. Агар уй эгаси мажбурлаб ушлаб турмаган бўлса, гаплашиб ўтириш учун суҳбатдош талаб қилмайди. Таомга мезбоннинг рухсати ёки мушоҳадаси билангина қўл урилади. Дастурхондаги нарсани мезбоннинг изнисиз бировга бермайди.

Ҳадисда келишича, “Кимки чақирилмаган жойга борса, ўғри ҳолатда кириб, босқинчи ҳолатда чиқибди”. Мезбоннинг изнисиз бирор кишини олиб бормайди, мезбоннинг изнисиз ҳеч нарса кўтариб кетмайди, чунки у сақлаш учун эмас, ейиш учун қўйилган. Зиёфатга виқор билан, шошилмасдан юриб боради.

Ҳумайд бин Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Агар сизларни икки киши чақириб қолса, биринчи чақирганиникига боринг, агар иккаласи тенг чақирган бўлса, эшиги яқинроғига боринг” – дедилар.

Таомдан сўнг меҳмон мезбонни дуо қилмоқлиги суннатдир. Дуо қуйидагича: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Саъд бин Убода розияллоҳу анҳунинг уйларига киришга изн сўрадилар. Унинг ҳузурига кириб салом бердилар. Уйга киришдаги сўзларни тўлиғича айтдилар. Саъд бин Убода розияллоҳу анҳу таом келтирди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам таомни еб бўлиб:

”Таомингизни аброрлар есин, фаришталар сизларга саловот айтсин, ҳузурингизда рўзадорлар таомлансин” — дедилар.

 

Манбалар асосида “Муҳиддин саҳҳоф” жоме масжиди имом хатиби Зоҳидов Муҳаммадали таёрлади