Меҳмон кутиш одоби

Меҳмоннинг иззат-икромини жойига қўйишда мусулмонларга тенг кела оладиган миллат йўқлигига дўст ҳам, душман ҳам иқрор бўлади. Мусулмонларнинг бу фазилатлари тилларда достон бўлиб кетган. Ислом адабиётига кўз ташласак, бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ англаб етамиз. Бу нарсаларнинг ҳаммасига динимиз таълимотлари ва кўплаб ҳадислар сабаб бўлган.

“Меҳмон атои Худо”, “Меҳмон отангдай азиз” каби ҳикматли сўзлар ҳам ана ўша таълимотлар таъсирида айтилган. Биз, мусулмонларнинг кейинги авлодлари ҳам бу улкан фазилатни ўзимизга сингдириб, унга оғишмай амал қилиб боришимиз лозим.

Халқимиз меҳмондўстлиги, меҳмоннавозлиги билан шуҳрат қозонган. Бирор ўзбек хонадони, оиласи йўқки, меҳмонни хурсандчилик билан кутиб олмаган, уйидаги бор неъматларни унинг дастурхонига келтириб тўкмаган бўлсин.

Зиёфат мусулмон кишининг ўз биродари зиммасидаги ҳаққидир.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Агар Аллоҳ таоло бир қавмга яхшиликни ирода қилса уларга бир ҳадя беради” — дедилар. Саҳобалар:

“У қандай ҳадя?”-дея сўрадилар.

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Ўз ризқи билан келадиган меҳмондир, у кетар чоғида эса мезбоннинг гуноҳлари кечирилади” — дедилар (Жомеъул аҳадис).

Яна бир ҳадисда: Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Дастурхони ёзилган кишига фаришталар саловот айтиб туради-дедилар ”.

 Биринчи бўлиб меҳмон кутган инсон Иброҳим алайҳисссаломдир. Иброҳим алайҳиссалом “Абу Зийфон”(меҳмонлар отаси) дея куняланганлар. У зот бир ҳовли қуриб унинг тўрт томонидан эшик очганлар. Иброҳим алайҳиссалом меҳмон талабида бир неча масофа юрардилар ва у зот меҳмонлар билангина овқатланар эдилар.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам:

”Биринчи бўлиб меҳмон кутган, биринчи бўлиб мўйловларини қисқартирган, илк бор оқликни кўрган, (соч ва соқолларида) тирноқларини қисқартирган кишиларнинг биринчиси, ҳамда ўғли бир юз йигирма ёшлигида биринчи бўлиб хатна қилинган инсон Иброҳим алайҳиссаломдир” деганлар.

Меҳмоннинг қўлидан ушлаб очиқ юз билан уйга таклиф қилинади. Меҳмонга хурсандчлик билан боқади. Меҳмонни имкон қадар меҳрибонлик ва лутф ила икром қилмоқ лозим.

Авзоийдан, ”Меҳмонни ҳурмат қилиш қандай бўлади?”-деб сўралди. У киши: ”Очиқ чеҳралик ҳамда яхши гапирмоқ билан” -дея жавоб бердилар.

 Ҳозирлаб қўйилган таом ва ичимлик дарҳол келтирилади. Ичимлик ва таомни меҳмоннинг олдига қўяди, бирга ўтирмайди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам шундай қилганлар

Меҳмон учун қўйилган нарсалар кўп бўлса ҳам исроф саналмайди. Меҳмонга қўйган нарсаларини қийматламайди. Чунки бундай қилиш бахилликдир. Меҳмон учун энг покиза ва ҳалол таомлар ихтиёр қилинади.

Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни ёқтирмаслиги ҳақида Қуръони каримнинг бир неча ўринларида келган. Шундай бўлиши билан бирга меҳмонга қўйилган нарсалар қанчалик кўп ва қимматбаҳо нарса бўлмасин исроф ҳисобланмайди. Бунинг ҳам шарти бор, бундай ҳолатда мезбон фақат Аллоҳ таолодан савобни умид қилиши ва фахр, риёдан узоқда бўлиши лозим.

Меҳмон ёмон кўрадиган ва тоқати етмайдиган ҳолатларни келтириб чиқармайди. Ким меҳмонни ёмон кўрса Аллоҳ ҳам уни ёмон кўради.

Меҳмонларга  ўз қўли билан хизмат қилади, хизматни аҳли байтига топшириб қўймайди. Иброҳим алайҳиссалом ҳам меҳмонларга ўз қўллари билан хизмат қилганлар. Меҳмоннинг олдига ҳузуридаги энг яхши нарсаларни келтиришдан бошлайди.

Юқорида ўтганидек, Иброҳим алайҳиссалом меҳмонларга ўз қўллари билан бузоқни сўйиб, пишириб келдилар. Бу ишни аҳли байтига топшириб қўймадилар ва ҳузурларидаги энг яхши нарсани яъни, бузоқни сўйиб сарид қилиб бердилар.

Ҳар бир меҳмон ўзи хоҳлаган таомни ихтиёр қилсин деб, турли хил таомларни тайёрлаш оқибатида кеч қолинса зарари йўқ. Полиз экинлари ва кўкатлар қўйиш мустаҳаб..

Чунки ҳамма меҳмоннинг дидлари бир хил бўлмайди. Шу сабабли турли хил таомлар тайёрлаш оқибатида кеч қолинса айб ҳисобланмайди.

Меҳмонни хизматга қўймаслик мурувватдандир

Умар бин Абдулазиз тунда бир нарса ёзиб ўтирардилар, ҳузурларида эса меҳмон бор эди. Шу пайт чироқ ўчиб қолаёзди. Меҳмон:

-Чироқни тузатиб қўяйми?- деди.

-Йўқ, меҳмонни хизматга қўйиш-мурувватдан эмас- дедилар.

-Бўлмаса хизматкорни уйғотинг.

-Йўқ, ўзи у ҳозиргина ухлади- деди- да, ўзлари туриб, чироққа ёғ қуйиб келдилар.

Меҳмон:

-Ўзингиз турдингиз-а, амирул-мўъминин! — деди.

Умар ибн Абдулазиз:

-Умар бўлиб бориб, Умар бўлиб қайтдим — дедилар.

Мана бу ибратли воқеадан ҳам кўриниб турибди-ки, меҳмонни фақат яхши инсонларгина ҳурматини жойига қўяди.

Нон дастурхонга тоқ ҳолатда қўйилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: “Аллоҳ тоқ, тоқликни яхши кўради”.

Агар хонадон соҳиби меҳмон билан бирга ўтирган бўлса таомга биринчи бўлиб қўл узатиб, охирги бўлиб тортмоқлиги, агар меҳмонда сустликни кўрса ейишга қизиқтириши суннатдандир.

Меҳмон ҳаражатлари Аллоҳнинг зиммасида дея эътиқод қилинади. Бирор киши таомга чақирилса Аллоҳ учун чақирилади. Риё, тортишув ва фахрланишдан узоқ бўлинади. Меҳмон ҳузурига унга мувофиқ бўлган кишилар киритилади.

Зиёфатдан фақирларни ман қилиб, бойлар учун хосламайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳ васаллам: ”Таомларнинг энг ёмони — мискинлар тарк қилиниб, бойлар чақириладиган валима таомидир” — дедилар.

Бир ҳовлида яшовчи ака ёки ўғилларнинг ёшлари катта бўлса, отани ўзини чақирмайди. Албатта бу нарса жафодир.

Агар ака-укалар бир ҳовлида яшасалар, уканинг ёши ҳам катта бўлса, аканигина чақириб укани чақирмаслик дуруст эмас, ёки ўша ҳонадон соҳибининг ўғли бўлса-ю, унинг ҳам ёши катта бўлса зиёфатга уни ҳам чақириш керак бўлади.

Илмда ва ёшда улуғларни муқаддам қилади. Меҳмонга машаққат туғдирмайди. Намоз вақтлари эслатиб турилади. Меҳмон тунаб қолса, кечқурун кириб чироқ, мисвок, кавуш ва таҳорат идиш каби нарсаларни ҳозирлаб қўяди.

Чунки меҳмон мусофир бўлса, намоз вақтларида хато қилиши мумкин. Шунинг учун меҳмонга намоз вақтлари эслатиб турилиши зарурдир.

Бирор нарсани тақдим қилиш учун меҳмондан изн сўралмайди. Чунки бу қурумсоқликдир.

Суфён Саврий роҳматуллоҳу алайҳ: ”Агар дўстинг сени ҳузурингга меҳмон бўлиб келса, ундан “бирор нарса ейсизми, олиб келайми?”-деб сўрамагин, балки ҳузурингда бор нарсани олиб келгин, хоҳласа ейди ва хоҳламаса емайди” — дедилар. Тасаввуф уламоларининг баъзи бирлари: ”Сизларнинг ҳузурингизга фақирлар келса, уларга таом беринг, агар фақиҳлар келишса бирор масала ҳақида сўранглар, агар қорилар келишса, меҳробга далолат қилинг”-дейишарди. “Меҳробга далолат қилинг” сўзи “уларни имомликка ўтказинг”-деганидир.

Таом келтирилса у билан бирга сув ҳам келтирилади. Овқатдан олдин қўлга сув келтирилса, ўнг томондан ҳамда кичиклардан бошланади, овқатдан сўнг эса катталардан бошланади. Меҳмонлардан бир лаҳза ҳам ғоиб бўлмайди. Бирор нарса беришда баъзисига бериб, баъзисини тарк қилмайди.

Меҳмонларни ҳаммасини бир хил кўради ва улардан бирига бирор нарса берса, бошқасига ҳам мана шу нарсани беради. Агар етмаса улар бўлишиб ёйдилар.

Меҳмонларнинг баъзилари билан алоҳида суҳбат қурмайди. Уларнинг ҳузурида орага ваҳшат тушадиган даражада сукутни кўпайтирмайди. Ўзи ва меҳмонларга фойдали бўлган гапларни гапиради. Ходимлари ва уй аҳлларидан бирортасига қўполлик қилмайди, юзини буриштирмайди, калтакламайди, баланд товушда бақирмайди, гарчи бирор яқини қатл қилинган бўлса ҳам. Тарвуз-қовун кабиларни сўйса аввал ўзи татиб кўради, сўнг меҳмонга қўяди. Агар таом ҳозир қилинса, тановул қилишдан тўсмайди. Чунки бундоқ қилиш хорликдир. Таомдан сўнг меҳмон кетишга изн сўраса, изн берилади.

Меҳмон ҳовли эшигигача кузатиб қўйилади. Меҳмон кираётганда меҳмонга йўл бошлаб биринчи киради.

Бу одобни ўзбеклар ўзларининг бурчлари деб биладилар ва бунга гўзал тарзда амал қиладилар.

Меҳмонларни кузатаётган вақтда “Мени хурсанд қилдинглар! Аллоҳ сизларни мен томонимдан яхши мукофатласин дейди”. Ҳадисда келишича, меҳмон билан ҳовлиси олдигача бирга чиқиб, ўзини меҳмон ҳақларини тўла адо қилолмадим, дея ўйлайди, гарчи дунёни уларнинг устига ёғдирса ҳам.

Меҳмонга миннат қилмайди. Улардан эваз ёки ташаккур талаб қилмайди.

Яъни мезбон меҳмондан “раҳмат”, “барака топинг” каби ташаккурларни талаб қилмайди.

 Манбалар асосида “Муҳиддин саҳҳоф” жоме масжиди имом хатиби Зоҳидов Муҳаммадали таёрлади