Нафснинг тарбияси

            Нафсу-ҳаво бизларнинг доимий душманимиздир. Бизларни ибодатдан чалғитувчи ҳам, гуноҳларга ундовчи ҳам, фитна уруғини сочтиргувчи ҳам айнан нафсу-ҳаволаримиздир. У шайтон билан бирлашиб, кўпинча ақлимизга ғолиб келади. Ҳолбуки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни гуноҳ ишлардан қайтишга чорлаганлар: 

“Ҳақиқий муҳожир Аллоҳ таоло ман қилган ишларни тарк қилган одамдир”.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда огоҳлантиради:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَّحِيمٌ

Яъни: “Ва ўз нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка кўп ундовчидир. Албатта, Роббим мағфиратли ва билгувчидир”. (Юсуф сураси, 53 оят).

Оятда айтилганидек нафси аммора инсонни ҳар доим ёмонликка ундаб туради. Агар вақтида унинг  давоси қилинмаса, инсон қалбини хароб қилиши мумкин.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «حُبُّكَ الشَّيْءَ يُعْمِي وَيُصِمُّ «

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор нарсани кучли яхши кўришинг кўзни кўр ва қулоқни эса кар қилади», дедилар. (Имом Термизий ривояти).

Айтибдиларки, ақли — амир, нафс ҳавоси  — асир бўлган кишига бунча ҳам яхши! Нафсу ҳавоси — амир, ақли — асир бўлганларнинг ҳолига вой!»

Умар розияллоҳу анҳунинг айтишларича, денгизлар сони тўрттадир:

1. Кибру ҳаво — гуноҳлар денгизидир.

2. Нафс — шаҳватлар денгизидир.

3. Ўлим -умрларнинг денгизидир.

4. Қабр — надоматлар денгизидир.

Ҳадиси Қудсийда айтилади:

“Эй Одам фарзанди! Жаннатга фақат Менинг буюклигимга тавозеъ қилганлар, кунини зикр билан ўтказганлар, фақат Мен учун нафсини шаҳватлардан тийганлар киради”.

Яна айтилади:

“Эй Одам фарзанди! Мен ато этган тинчлигу саломатлик туфайли тоатимга тоқатли бўлдинг. Тавфиғим  туфайли  фарзларимни  адо  қилдинг.  Берган  ризқим  билан  Менга  итоатсизлик қилишга  куч  топдинг.  Хоҳишим  туфайли  хоҳлаган  нарсангни  хоҳладинг.  Иродам  туфайли нафсинг нени истаса, истадинг. Неъматим туфайли турдинг, ўтирдинг, қайтдинг. Ҳимоятим билан кунни боттириб, тонгни оттирдинг. Фазлим билан маишат кечириб, неъматим билан тўкис яшадинг. Офиятим билан безандинг. Кейин Мени унутиб, ўзгани зикр қилдинг. Нега ҳаққимни ва шукримни адо қилмаяпсан?!”

 Одам Ато, Момо Ҳаввонинг жаннатдан ерга туширилишларига сабаб шайтон васвасаси экани барчамизга маълум. Одам алайҳиссалом айтилган вазифани бажармай иродавий хатога йўл қўядилар. Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди. Бу фоний дунёдаги дастлабки қотиллик акадаги нафс ғолиб келган дамда содир этилган.

Аллоҳ одам наслидан улуғроқ бўлган фаришталарни нурдан яратди. Уларга ақл ва илм берди. Бироқ, нафс бермади. Нафс лаззатини, яъни емоқ-ичмоқ, оила қурмоқ кабиларни бермади. Аллоҳ Одам зотидан паст жониворларга ҳам худди инсондагидай кўз-қулоқ, қўл-оёқ берди. Бу жониворларга нафс ҳам берди. Аммо, ақл ва илм бермади. Нафс учун уларда жавобгарлик йўқ. Нафс улар учун фақат тириклик манбаи. Улардаги нафс ҳукумронлиги чегараланган. Инсоннинг нафс борасида ҳайвонлардан улуғлиги ўз нафсини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан белгиланади.

Муҳаммадқудратбек Дадабоев. Асака т. «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди имом-хатиби