Мўмин банда учун имондан кейинги энг зарур амал намоздир. Намоз диннинг устунидир. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда намоз ҳақида кўп бора бизларга иршод қилган. Ушбу оятлар шулар жумласидандир:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَاناً وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ * الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * أُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُؤْمِنُونَ حَقّاً لَّهُمْ دَرَجَاتٌ عِندَ رَبِّهِمْ وَمَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ
Яъни: “Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса,иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир. Улар намозни тўкис адо этадиганлар ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ қиладиганлардир. Ана ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Уларга Роббилари ҳузурида даражалар, мағфират ва карамли ризқ бор”. (Анфоли. 2-4)
“Бақара” сурасининг аввалида ҳам намоз ўқигувчилар зикр қилинган:
ذَلِكَ الْكِتَابُ لاَ رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِّلْمُتَّقِينَ * الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِالْغَيْبِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ
Яъни: “Бу китобда шак-шубҳа йўқ, у тақводорларга ҳидоятдир. Улар Ғайбга иймон келтирурлар, намоз ўқирлар ва Биз уларга берган ризқдан нафақа қилурлар”.
Намоз ўқигувчи киши қандоқ ҳам бахтли! Ахир уни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло, ҳа, бутун борлиқни яратган Ҳақ таоло Ўзи Қуръони каримда мадҳ этиб турган бўлса, бу дунёда ундан ортиқ не бахт бор?
Ажаб эмаски, охират диёрида ҳам бахтли бандалар қаторида қилса. Ҳолбуки қиёмат кунида инсонлар икки тоифа бўлур:
يَوْمَ يَأْتِ لاَ تَكَلَّمُ نَفْسٌ إِلاَّ بِإِذْنِهِ فَمِنْهُمْ شَقِيٌّ وَسَعِيدٌ
Яъни “У келган кунда ҳеч бир жон гапира олмас. Магар У зотнинг изни ила (гапирур). Бас, улардан бадбахтлари ва бахтлилари бордир”. (Ҳуд. 105)
Парвардигори олам! Минг турли хаёллар билан бўлса-да, Седан умидвор бўлиб намоз ўқиётган ожиз бандаларингни ўша кунда бахтли бандалар қаторида қилгин.
Улуғбек қори Йўлдошев
