Намоз ва унинг моҳияти
Маълумки, Ислом беш фарз устига барпо бўлган:
1. Имон.
2. Беш маҳал намозни адо қилиш.
3. Рамазон ойи рўзасини тутиш.
4. Моли нисобга етиб йил тўлганда закот бериш.
5. Имкон бўлганда ҳаж амалини адо қилиш.
Бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонлармиз. Демакки, биринчи фарзни адо қилибмиз. Шундай экан имон келтирган мусулмон учун намоздан кўра афзалроқ ва бирламчи амал бўлмайди.
Намоз – қиёмат куни бизларга посбон, жаннатга калит. Энг зарурий ибодат. Ҳатто унинг вақти ҳам фарз. Шунчаки ўқиш эмас, балки ўз вақтида ўқишлик қарз. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда хабар берган:
إِنَّ الصَّلاَةَ كَانَتْ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ كِتَاباً مَّوْقُوتاً
Яъни: “Албатта, намоз мўминларга вақтида фарз қилингандир. (Нисо. 103)
Намоз шунчалар зарурки, ҳатто жанг пайтида ҳам намоз тўхтатилиши мумкин эмас. Нафақат намоз тарк этилмайди, балки ўша ҳолатда ҳам жамоат билан ўқишга буюрилганмиз:
وَإِذَا كُنتَ فِيهِمْ فَأَقَمْتَ لَهُمُ الصَّلاَةَ فَلْتَقُمْ طَآئِفَةٌ مِّنْهُم مَّعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ أَسْلِحَتَهُمْ فَإِذَا سَجَدُواْ فَلْيَكُونُواْ مِن وَرَآئِكُمْ وَلْتَأْتِ طَآئِفَةٌ أُخْرَى لَمْ يُصَلُّواْ فَلْيُصَلُّواْ مَعَكَ وَلْيَأْخُذُواْ حِذْرَهُمْ وَأَسْلِحَتَهُمْ وَدَّ الَّذِينَ كَفَرُواْ لَوْ تَغْفُلُونَ عَنْ أَسْلِحَتِكُمْ وَأَمْتِعَتِكُمْ فَيَمِيلُونَ عَلَيْكُم مَّيْلَةً وَاحِدَةً وَلاَ جُنَاحَ عَلَيْكُمْ إِن كَانَ بِكُمْ أَذًى مِّن مَّطَرٍ أَوْ كُنتُم مَّرْضَى أَن تَضَعُواْ أَسْلِحَتَكُمْ وَخُذُواْ حِذْرَكُمْ إِنَّ اللّهَ أَعَدَّ لِلْكَافِرِينَ عَذَاباً مُّهِيناً
Яъни: “Улар ичида бўлсанг-у, намоз адо қилмоқчи бўлсанг, улардан бир тоифаси сен билан турсин ва силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Сажда қилганларидан кейин орқангизга ўтсинлар. Намоз ўқимаган бошқа тоифа келиб сен билан намоз ўқисин. Эҳтиёт бўлиб, силоҳларини ўзлари билан олсинлар. Куфр келтирганлар силоҳларингиз ва матоҳларингиздан ғофил бўлсангиз, устингиздан бирдан ҳамла қилишни истарлар. Ёмғирдан озор етса ёки бемор бўлсангиз, силоҳларингизни қўймоғингизда гуноҳ йўқдир. Хушёр бўлинглар! Албатта, Аллоҳ кофирларга хорловчи азоб тайёрлагандир”. (Нисо. 102)
Ушбу ояти карима билан танишганда, намозга нақадар катта эътибор борлиги дарҳол англаб етилади. Ўйлаб кўринг-а: уруш бўлиб турса, ҳар бир инсоннинг ҳаёти қил устида турса-да, яна намоз ўқишга амр бўлса! Уруш пайтида ўқиладиган намоз «Хавф намози» деб аталади.
Намоз мўминни гуноҳ ишлардан сақланишига сааб бўлади:
اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ
Яъни: “Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Анкабут. 45)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам буюрадилар:
“Ким бугун дунёвий фикрлардан қугулиб, бажонидил икки ракъат намоз ўқиса, барча ўтган гуноҳлари кечирилади”.
Шуни далил қилиб А. Ғаззолий айтади:
“Агар намоз ўқиётган одамнинг қалбида- модомики нияти ва мақсади Аллоҳни зикр этиш экан— Аллоҳнинг маҳобати ва қудрати сезилиб турмаса, у ҳолда зикр этишнинг нима аҳамияти бор?
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билдирдиларки:
“Агар ўқилган намоз кишини чиркин ҳаракатлардан ва ёмон феъл-атворлардан қайтара олмаса, намоз унинг Аллоҳдан узоқлигини орттиришдан бошқа нарсага ярамайди”. (Мукошафат-ул қулуб. ziyouz.com кутубхонаси)
Улуғбек қори Йўлдошев
