Оила тотувлиги
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
عن عبد الله بن مسعود رضي الله عـنه، أن رسول الله صلى الله عليه و سلم قال: يا معشر الشباب، من استطاع منكم الباءة فليتزوج، فإنه أغض للبصر، وأحصن للفرج، ومن لم يستطع فعليه بالصوم فإنه له وجاء». أخرجاه من حديث ابن مسعود. رواه البخاري و مسلم
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Эй, йигитлар жамоаси! Сизлардан кимки никоҳга имкон қила олса уйлансин. Чунки, у нарса ҳақиқатан кўзни тўсгувчи ва фаржни сақлагувчироқдир. Ва кимки имкон қила олмаса унга рўза лозим, зеро у нарса унинг учун бичгувчироқдир”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Шаръий никоҳ билан оила қуришнинг кўплаб фазилатлари бор. Никоҳ асосига қурилган оила нафақат ўша оиланинг ўзи учун, балки бутун жамият учун маънавий юксалиш сари бир одим бўлади. Ҳолбуки никоҳсиз фаҳш устига барпо бўлган жамиятдан нима ҳам маънавий юксалиш кутиш мумкин?
Имом Ғаззолий ёзади:
“Никоҳда беш турли фойда бор:
1. Фарзандли бўлмоқ.
2. Шаҳватдан тийилиш.
3. Уй ишларининг бошқарилиши.
4. Сулола кўпайиши.
5. Нафс билан курашиш. (Уйланиш одоби.зиёзуз.ком кутубхонаси)
Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотинни маҳкам боғловчи риштаси никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг бари шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради.
Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди:
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ … (سورة النّحل/72)
яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…”. (Наҳл. 72)
Оиланинг тотувлиги бир кишига ёки бир сабабга боғлиқ эмас. Бунинг учун ҳамма – келин-куёв ҳам, ота-оналар ҳам, оила ташқарисидагилар ҳам, кенг жамоатчилик ҳам баравар жон койитмаса, кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Янги оила қурган куёв биринчи кунларданоқ хотинини талтайтириб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, ҳаёт фақат ўйин-кулги ва кўнгилхушликлардан иборат эмаслигини унга тушунтира олса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмаган бўлар, икки ёшнинг бахти завол топмас эди.
Кимсанов Акбаржон. Асака т. «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди имом хатибининг ноиби
Жума тезисларидан фойдаланилди
