Инсонлар жамияти оилалардан ташкил топган. Қайси жамиятда оилалар мустаҳкам бўлмаса ўша жамият секин асталик билан тугаб боради. Мусулмон юртларда оилага ва оила тинчлигига катта эътибор қаратганлар.
Ҳатто ҳанафий мазҳабида оила қурмасдан фақат ибодат билан яшашдан кўра оила қуриб яшаган афзалдир. Роббимиз оила қуриб, оила аъзоларига яхши муносабатда бўлишга амр қилган:
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”. (Нисо, 19–оят).
Банда аввалдан қайси нарсада ўзи учун яхшилик бўлишини билмайди. Шунинг учун банда тақдирига битилган нарсаларга рози бўлмоғи зарур.
Ўтган замонда бир улуғ зот ўтган экан. Шогиртлари ва у зотни зиёрат қилиб дуо олувчилар ҳам кўп экан. Аёллари эса одобсиз ҳамда улуғ ҳазратни ҳурматларини қилмас экан. Бу холатни кузатиб юрган шогиртларидан бири устозига: “Устоз манашу аёлингиз билан ажрашиб одоблик, солиҳа аёлга уйлансангиз бўлмайдими?”, дебди. Устози: “Йўқ. Чунки аёлимнинг Аллоҳ Таолога ёққан бир феъли бордирки, менга турмушга чиққандир. Мени Роббимга ёқмаган бир феълим бордирки, унга уйлангандирман. Шунинг учун сабр қиламан”, деган эканлар. Одамлар тарафидан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳига: “Бир одамнинг онаси: “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, нима қилади?” дейилган экан. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи айтибдиларки, хотинини талоқ қилиш онага яхшилик бўладиган, яъни онанинг хурсандчилиги учун қилинадиган ишлардан эмас. Бу эса, онаси “Хотинингни талоқ қиласан”, деб туриб олса, талоқ қилиш керак эмас, онасининг бу талаби нотўғри талаб, ношаръий талаб. Уни қилмаса, боласи гуноҳкор бўлмайди, деганидир.
Муҳтарам азизлар! Оилани сақлаш ҳуллас, оилани имкон борича сақлаб қолиш мусулмонларнинг намунавий сифатларидандир. Бизнинг юртларда келинлар қайноналар билан бир ҳовлида яшашлари урфга айланган. Ҳадиси шарифда айтилганидек, “Ким хизмат қилса, хизмат қилинади”. Келин ҳам қанонанинг хизматини қилса, икки дунёда кам бўлмайди. Қайнона ҳам келинни бир омонат сифатида қабул қилмоғи керак. Ўзининг йигирма йиллик тажрибаси натижасини янги келиндан талаб қилмоқлик зулмга олиб боради. Албатта, янги кўчатни иккинчи жойга ўтказиб экилса, кўчат қанчалар сифатли бўлмасин барибир ўсишдан озгина тўхташ, сўлиш каби ўзгаришлар бўлади. Янги тушган келин ҳам янги кўчатга ўхшаб янги жойга кўниккунча сабр қилинади. Албатта уйда эркак бош бўлиб ўз вазифасини бажармас экан, оилада маънавий ташвишлар кўпайиб бораверади.
Аллоҳ таоло ҳаммаларимизга оилавий бахт берсин!
“Муҳйидди Саҳҳоф” жоме масжиди имом хатиби Муҳаммад Али Зоҳидов тайёрлади.
