Оқин сувлар

ОҚИН СУВЛАР
Қурони каримда жаннатнниг сифати келганда тагларидан анҳорлар ўтиши таърифланади. Ўша даврдаги Арабистон ярим оролини кўз олдимизга келтирсак, сувсиз юртлар учун анҳорларда зилол сувлар оқиб туриши тасаввурга сиғдириб бўлмайдиган даражадаги афсона десак ҳам бўлаверади. Бироқ бугунги кун нигоҳи билан боққанимизда ҳам анҳорларда, ариқларда сувларнинг шилдираб, мавж уриб оқишлари, биҳамдиллоҳ, бизнинг юртларимизга оддий ҳолат бўлса-да, Ислом динининг келиб чиқиш мавзеъси бўлган Арабистоннинг кўплаб жойларида ҳали ҳануз орзу ҳавас.
Бир пайтлар қишлоғимиз(Навоий)га қатновчи автобуснинг Адҳам ака деган ҳайдовчиси қўшни Туркманистоннинг қайсидир қишлоғига бориб келганини айтиб берган эди. Айтишича борган хонадонга яқин ошна оға-инилари тўпланишган. Суҳбат асносида хонадон соҳиби меҳмонни таништириб, Андижондан келганлигини айтганида, ўтирганлардан бири ҳаяжонланиб:

  • Мен Андижонда бўлганман. Ишонасизларми, бизлар пулга сотиб оладиган сувларимиз бору, ўшандай сувлар у томонларда ариқларда бекорга, бепул оқиб ётади! – деса, атрофидагилар “Наҳотки шундай бўлса?!” деб ҳайрон қолган эканлар.
    Ҳа, Озарбайжон халқининг буюк шоири Фузулий байтида келганидек:
    Зулоли завқи шавқин ташнаи дийдор ўландан сўр.
    Бизлар Тангри таолонинг ушбу иноятига ҳар қанча шукрона қилсак камлик қилади. Шукронани тўлиқ адо қилиш-ку, қўлимиздан келмайди. Аммо, ҳеч бўлмаса бир оз инсоф қилишимиз керак.
    Бугунги кунда мавж уриб сув оқайтган ўзанларнинг кўп жойларида ахлатлар тўпланиб ётиши йиғласак арзигулик аянчли ҳолат. Домлаларимиз, маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, керак бўлса отинойилар кўпчилик жамоатга неча бора бу борада тушунтиришлар қилмоқда. Лекин нега инсофга келмаяпмиз, ҳайронман.
    Ахир шу оқиб турган сувлар ичишга ва таҳорат олишга ярайдиган сувлар-ку! Биз бу томондан ахлат ташласак, қуйи томонда кимдур шу сувдан фойдаланиши мумкин эканлигини унутмаслигимиз керак.
    Менимча бу муаммо юзасидан фақатгина фаолларнинг эмас, ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг иштирокимиздагина натижага эришиш мумкин деб ўйлайман. Айниқса, эрта саҳар кўча супираётган келинларимиз супридини ариққа туширишларига йўл қўймаслик, балки ахлатни йиғиштириш учун бошқа чора қилиш керак. Ваҳолонки, супирганда чиққан ахлат, асосан ёқиб юборса кифоя бўлади. Яна ҳам яхшироғи бир озгина чуқур ковлаб қўйилса, чиқинди ахлатларимиз ўсимликлар учун самарали озуқага айланади.
    Шаҳар жойларда эса, бир неча қадамга эринмаса тайёр ахлат тўплайдиган жойлар ташкил қилинган.
    Шунингдек сувни тежаб, керагидан ортиғини исроф қилмасдан, биздан қуйида ҳам сувга, айнан оқар сувга ташна бўлиб турган маҳаллаларнинг ҳурматини қилишимиз лозим.

Баҳодиржон СУЛАЙМОНОВ
Асака туманидаги “Файзиобод” масжиди имоми
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ