Ота-она вафот этгач

Ота ва онага яхшилик қилиш қилиш нафақат самовий динларда амр қилинган буйруқ, балки соф фитрат ҳам шуни тақозо қилгувчи олижаноб хислатдир. Чунки ҳар қандай тафаккур қилгучи инсон вужудига сабаб бўлган инсонларга яхшилик қилишни ўзи учун муқаддас бурч деб билади.
Бу таълимот барча мафкура ва динларга қараганда Ислом дини таълимотларида яққол шакл топган. Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилишдан кейин ота-онага яхшилик қилишга амр қилади.

قُلْ تَعَالَوْاْ أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلاَّ تُشْرِكُواْ بِهِ شَيْئاً وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً وَلاَ تَقْتُلُواْ أَوْلاَدَكُم مِّنْ إمْلاَقٍ نَّحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلاَ تَقْرَبُواْ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلاَ تَقْتُلُواْ النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّاكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ

Келинг, Роббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: «Унга ҳеч нарсани ширк келтирманг! Ота-онангизга яхшилик қилинг! Очликдан қўрқиб, болаларингизни ўлдирманг. Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз. Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд ақл юритсангиз»- деб айт. (Анъом. 151)
Аслида ота-онага яхшилик қилиш улар тириклик пайтида бўлади. Айниқса қувватлари кетиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларида яна ҳам зарур. Кимки шундай қилмабди, вафотидан сўнг айюҳаннос солиб йиғлаб, қўйлар сўйиб, катта-катта қозонлар осиб ош пиширгани билан фойдаси йўқ дея олмаймиз, чунки қабул қилиш Худонинг иши, бироқ тириклигида яхшилик қилгани бошқа. Ана ўшалар уларнинг вафотидан кейин эҳсонлар қилсалар ярашади.
Улуғ ватандошимиз имом Бухорийнинг “Адабул-муфрад” асарида ушбу ҳадислар баён илинади:
Абу Убайд разияллоҳу анҳу ҳикоя қилдилар: «Биз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида эдик, шу вақтда бир киши:
«Ё Расулуллоҳ, ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшиликларимдан ташқари уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам шу яхшилигим давом этади?» – деб сўради.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга қиладиган яхшилигинг давом этаверган бўлади. Уларнинг бирламчиси, ота-онанг ҳақига дуо қиласан ва гуноҳларини кечирмакни Аллоҳ таолодан сўрайсан, иккиламчиси, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан, учламчи, уларнинг дўстларини ҳурматлайсан ва тўртламчи қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан», дедилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтдилар: «Киши ўлгандан кейин яна нима учундир унинг нуфузи кўтарилиб қолади. Шунда у таажжубланиб:
«Эй, Раббим! Бу даражамнинг кўтарилиши нимадан ҳосил бўлди?», деб сўрайди. Аллоҳ таоло томонидан:
«Эй, бандам, орқангда қолган бола-чақаларингнинг мен учун қилган истиғфорларининг натижасидир», дейилади.
Муҳаммад ибн Сирин (р.ал.) айтдилар: «Кечаларнинг бирида биз Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ёнларида бўлдик. Шунда Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ўзлари: «Эй, Аллоҳ! Абу Ҳурайранинг ҳам, онасининг ҳам гуноҳларини кечиргин ва иккимиз учун истиғфор айтган кишиларнинг ҳам гуноҳларини кечиргин», деб дуо қилдилар.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳунинг шу дуоларига кириб қолиш учун биз ўша она-бола (Абу Ҳурайра билан оналари) ҳақига истиғфор айтиб юрамиз», дейди.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Манба: Ал-адаб ал-муфрад. зиёуз.cом кутубхонаси)