ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ
ЖЎМАРДЛИК
وَيُؤْثِرُونَ عَلَى أَنفُسِهِمْ وَلَوْ كَانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ {الحشر/9}
“Ва агар ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундоқ кишилар, ҳа, ўшалар ютувчилардир”. (Ҳашр. 9)
Жўмардлик – фазилатли амалларнинг энг гўзалларидан бири. Муқаддас динимиз таълимотларида инсоннинг жўмардлик фазилати ила зийнатланиши тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло Каломи қадимда васф қилганидек:
“…ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам, (уларни) ўзларидан устун қўярлар”
Аслида саҳоват ҳам эксак фазилат бўлса-да, жўмардлик ундан-да афзалроқдур. Чунки жўмардлик олийжанобликка, юксак маънавий покликка ва комил инсон бўлишликка етаклайди.
Инсонийлик маънолари қачон зоҳир бўлади?
У аввало кишида пинҳон ҳисобида бўлади. Қачонки борлиқ ҳақиқатларини англаб етиш учун нафси жиловланиб, руҳияти жилолаганда, ҳиссиётлари ўткирлашиб, виждони покланганда, фикри ойдинлашиб фаҳми тиниқлашганда унинг қалби бутун инсониятни сиғдира оладиган даражада кенгайганда, ҳа, ўшандагина кишида ҳақиқий инсонийлик маънавияти ҳаракатга келиб зоҳир бўла бошлайди ва аста секин мукаммал инсонийлик даражасига етади.
Натжада унинг инсонийлик руҳияти ҳайвоний нафсонияти устидан ғалаба қилади. Негаки, мўмин банда жисми ва ҳиссиёти билангина эмас, балки руҳияти билан инсонлар қаторида бўлишига ишонади.
Ана ўшандагина руҳиятининг истаклари рўёбга чиқади ва инсон маънавият йўлида фидойилик қилади.
Жисмнинг истаклари эса ҳаётини сақлаб қолишга кифоя қилгулик ҳаракат билан ҳосил бўлади. Бинобарин, комил инсон емоқ учун яшамас, балки, яшамоқ учун ейди.
Киши нафсида ҳар қачон инсонийлик маънолари хиралашиб қолса, унинг ҳиссиётлари инсонларнинг ҳожатларини енгиллатишга жонбозлик қилади. Шуъури эса, яхшилик йўлида инсонларга келадиган ҳар қандай изтироб ва аламларни даф қилишда бор имконияти билан ҳааракатда бўлур. Натижада муҳтожларнинг ҳожатларини равон қилур, мусибатларини енгиллатур, ошуфта қалбларга тасалли бергай, озурда қалбларга малҳам бўлгай. Бундай олийжанобликлар эвазига нафсининг тубидан гўзал нафсоний лаззатлар топа олади, жўмардлик фазилатлари оқиб чиқади. Сўнг секин аста униб ўсиб юксак инсоний сифатлар ҳосил бўлади.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
