Қабасот. 6-қисм Муҳаббат

ҚАБАСОТУН МИН ҲАЁТИР РАСУЛ

АЛЛОҲ УЧУН МУҲАББАТ

لَوْ أَنفَقْتَ مَا فِي الأَرْضِ جَمِيعاً مَّا أَلَّفَتْ بَيْنَ قُلُوبِهِمْ وَلَـكِنَّ اللّهَ أَلَّفَ بَيْنَهُمْ إِنَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

”Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли зотдир”. (Анфол. 63)

МУҲАББАТ

Мўмин бандаларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мақом ва даражалари амал ва эътиқодларига кўра турли туман бўлади. Мақомларнинг олий ва юксакроғи – мўмин банданинг ҳар бир нарсага холис Аллоҳ учун муҳаббат қўймоғидур.

Ислом шариатида муҳаббат вожиб дея эътироф этилган. Шунга кўра, ким муҳаббат қўйса билдириб қўйсин, токи идрокларда қарор топсин, ому-хос ўргансин ва барча инсонлар унга ижобат қилсин. Мўминнинг бахту саодати, жамиятнинг саодати, балки бутун инсониятнинг саодати шундадур.

Ҳазрат Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам “Аллоҳнинг бандаларидан шундай кишилар борки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таоло томонидан уларга берилган мақом ва манзилларга пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар” дедилар.

Саҳобалар сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули! Бизга хабар беринг, кимдур улар?”

Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: “Улар ўзаро қариндошлик учунгина эмас, мол-давлатдан манфаъатдор бўлиш учун эмас, балки Аллоҳ учун муҳаббат қўйишганлардур. Аллоҳга қасамки, уларнинг юзлари нурдур. Улар нур узрадулар. Инсонлар хавфда бўлганда улар хавфда бўлмаслар. Инсонлар қайғуда бўлганларида улар қайғуда бўлмаслар”. Сўнг тиловат қилдилар:

أَلا إِنَّ أَوْلِيَاء اللّهِ لاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ * الَّذِينَ آمَنُواْ وَكَانُواْ يَتَّقُونَ * لَهُمُ الْبُشْرَى فِي الْحَياةِ الدُّنْيَا وَفِي الآخِرَةِ لاَ تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللّهِ ذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ *

“Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир”. (Юнус. 62-64)

Бу ила бизларга ҳазрат Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ ва равшан баён қилиб берадиларки, буюк ва машҳуд кунда – Қиёмат кунида инсонлар Аллоҳ таоло томонидан тайёрлаб қўйилган жойига, амалига яраша Аллоҳнинг фазли ила лойиқ бўлган маконига шошилишади.

Инсонлар бўладиларки, улар пайғамбарлар эмас, шаҳидлар эмас. Бироқ қиёмат куни бўлганда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги юксак мақоми ва олий манзилларига, абадий ва сўнмас неъматларига пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар.

Аллоҳ учун муҳаббат қўйганларга Аллоҳ таоло манзиллар тайёрлаб қўйган. Бу муҳаббат умматга яхшилик ва саодатни зиёда қилур. Тилаклари ва орзу истакларини рўёбга чиқарур. Унга қувват бахш этур. Руҳиятидаги маънавиятини кураш ва жанг майдонларида кўтаради. Бу билан ёғийдан устунликка етказур. Бутун умматни бир жону бир тан қилур.

Муҳаббат туфайли Аллоҳ умматни ислоҳ қилур ва одимларини тўғри йўлда собит қилгай. Уларга яхшиликлар ато қилиб, иззат ва шон-шарафга буркаб қўюр.

Қуйида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлари ва замонларидаги Аллоҳ учун бўлган муҳаббатларни баён қилмоқчимиз.

УСМОН ИБН АФФОННИНГ МУҲАББАТИ

Усмон разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга куёв бўлишлик муҳаббати жуда ҳам юқори эди. Бу буюк риштанинг узилиши жуда ҳам оғир келди. Руқия разияллоҳу анҳо вафот этганидан кейин инсонларнинг энг мукаррами бўлган зотга боғланган ришта узилганидан ғам ва қайғуда қолди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:

  • Нима бўлдики, мен сени қайғуда кўрарман?
  • Эй Аллоҳнинг расули! Бирор кимсанинг бошига менинг бошимга тушган каби кулфат тушганмикин? Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг менинг никоҳимда бўлган қизлари вафот этди. Энди мен суянчиғимдан ажрадим. Сиз билан ўртамиздаги қудачилик риштаси узилди, – жавоб берди Усмон разияллоҳу анҳу.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўксик кўнглига далда бериб, Руқиянинг синглиси Умму Гулсумни никоҳлаб бердилар. Умми Гулсум вафот этгунча бирга яшадилар.

Усмон разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки қизларига уйлангаликлари учун “Зун нурайн” (“Икки нур соҳиби”) номини олдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳеч бир кимсага икки қизини бермаганлар.

Мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!

Умму Зайд ўғли билан бирга зиёрат учун қавмига – Бани Муъинга бормоқчи бўлиб йўлга чиқди. Йўлда уларни Бани Қайл ибн Жисирдан икки отлиқ ғорат қилди. Унинг ўспирин ўғли Зайд уларнинг қўлига тушиб қолди. Уни Уккоз бозорида Ҳаким ибн Ҳизомга сотиб юборишда. Ҳаким эса уни тўрт юз дирҳамга аммаси, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи завжалари Хадича бинту Хувайлидга (разияллоҳу анҳо) сотди.

Зайд ўн саккизга кирганда Хадича разияллоҳу анҳо уни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга совға қилдилар.

Зайднинг отаси фарзанд доғида қаттиқ изтиробда қолди. Йўл юриб ким учраса ўғлини сўрар эди. Бани Кулобдан бир неча киши ҳаж қилгани Маккага келишганида Зайдни кўриб таниб таниб қолишди. Бориб отасига ўғлининг хабарини беришди.

Ота Маккага келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни  сўради. Масжидда эканликларининг хабарини эшитиб кириб келди ва сўз бошлади:

  • Эй Абдулмутталибнинг фарзанди! Эй қавм саййидининг фарзанди! Сизлар Ҳарам аҳлисиз. Қулларни озод қилгувчисизлар. Асирларни боққувчисизлар. Сизнинг ҳузурингиздаги фарзандимизни сўраб келдик. Бизга илтифот ва яхшилик қилинг, фидясини адо қилайлик!
  • Ким ўзи у? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Зайд ибн Ҳориса, – жавоб берди.
  • Ундан бошқа эмасми? Чақиринг, ихтиёрига қўйинг. Агар сизларни ихтиёр қилса у фидясиз сизларники. Мени ихтиёр қилса, Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилганга фидя сўрагувчи эмасман, – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Зайдни олиб келишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:

  • Мана буларни танийсанми?
  • Ҳа. Бу – отам. Буниси – амаким, жавоб берди Зайд (разияллоҳу анҳу).
  • Мен ўзинг яхши билган одамман. Сенга бўлган суҳбатимни кўргансан. Ё мени ихтиёр қил, ёки уларни?
  • Мен ҳаргиз Сиздан бошқани ихтиёр қилмагайман. Сиз менга ҳам ота, ҳам амаки ўрнидасиз.
  • Эй шўринг қурғур Зайд! Ҳурлик қолиб, отанг, амакинг ва оиланг қолиб, қулликни танлайсанми?! – танбеҳ беришди улар. Зайд жавоб берди:
  • Мен бу зотдан шундай нарсалар кўрдимки, энди мен у зотдан бошқасини танлай олмайман!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни Ҳижр (Каъбанинг шимолий-ғарбий томонидаги жой)га олиб чиқдилар ва эълон қилдилар:

  • Гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдур! У мендан мерос олади, мен ундан мерос олгувчиман.

Отаси бу сўздан рози бўлди ва уйига қайтди.

Бу воқеа нубувватдан аввал эди. Пайғамбарлик келгач, Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

ادْعُوهُمْ لِآبَائِهِمْ هُوَ أَقْسَطُ عِندَ اللَّهِ

“Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғрироқдир”. (Аҳзоб. 5)

Бунга қадар уни Зайд ибн Муҳаммад дейишар эди, Илоҳий Фармондан сўнг Зайд ибн Ҳориса деб чақирадиган бўлишди.

ЭЙ ҲОРИСА, ЖАННАТ МУБОРАК!

Ҳориса мўминларнинг баркамол йигитларидан эди. Касал бўлб қолди. Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани бордилар.

  • Эй ҳориса, қандай тонг оттирдинг? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Ҳақиқатан Аллоҳга имонли ҳолда тонг оттирдим, – жавоб берди у.
  • Ҳар бир сўзнинг ҳақиқати бўлур. Имонингнинг ҳақиқати нимадир?
  • Тунимни бедор қилдим. Кундузга ташна бўлдим. Дунё кўзимга арзимас кўринди. Мен учун унинг олтини ҳам, тоши ҳам баробар бўлди. Гўёки Сиротда тутқундек, жаннат аҳли билан неъматлар ародек, дўзах аҳли билан азобланаётгандек, Раббимнинг Аршиси билан рўпарада тургандекман, – деди Ҳорис.
  • Билибсан. Шундай бўл, эй Аллоҳ қалбини имон билан мунаввар қилган банда! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга дуо қилинг, менга Унинг йўлида шаҳид бўлишликни насиб этсин!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилдилар, Ҳориса Бадр жангида шаҳид бўлди (разияллоҳу анҳу). Онаси келди.

  • Эй Аллоҳнинг расули! Сиз Ҳорисанинг менинг қалбимдаги мақомини билурсиз. Агар у жаннатда бўлса, мен хурсандман! Ундоқ бўлмаса, дод солиб йиғлайман! – деди она.
  • Эй Ҳорисанинг онаси! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам, — Жаннат бир дона эмас. Яна жаннатлар бор. Шубҳасизки, Ҳориса энг аъло жаннат – Фирдавсдадур!

Она шод бўлиб ортига қайтдар экан йўл-йўлакай шундай дер эди:

  • Баракалла! Баракалла, эй Ҳорис! Жаннат муборак бўлсин!

БУ – РАСУЛУЛЛОҲНИНГ(саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ТЎШАКЛАРИ!

Абу Суфён ибн Ҳарб Мадинага келди. Бу пайтда ҳали Исломга кирмаган эди. Қизи – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжалари Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳонинг ҳужрасига кирди. Энди Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшакларига ўтирмоқчи бўлган эди, Умму Ҳабиба тўшакни тортиб олди.

  • Эй қизалоғим, тушунмай қолдим. Тўшакни менга раво кўрмадингми ёки мени тўшакка раво кўрмадингми? – сўради Абу Суфён.
  • Бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўшаклари. Сиз мушрик, нажас кишисиз. Шу тўшакка ўтиришингизни хоҳламадим, – жавоб берди Умму Ҳабиба разияллоҳу анҳо.

Биз бу муҳаббатга назар солсак, бу муҳаббат қалбларни маҳв этганини кўрамиз. Қалблар эса, ўз расулининг том маънодаги ҳақиқий инсонийлик сифатлари олдида, бор бисотини, ҳатто ўзини ҳам нисор қилган.

САВБОН РАЗИЯЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУҲАББАТИ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Савбон исмли мавлолари бор эди. Унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари жудда ҳам юқори эди. Кўрмаса сабри тоқат қила олмасди.

Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уинг олдига келсалар ранглари ўзгарган, ўзи озиб кетган, юзларида қайғу аломатлари бор экан. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бунинг боисини сўрадилар. Савбон айтди:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Менда ҳеч қандай оғриқ йўқ. Фақат Сизни бир оз фурсат кўрмаганимдан муштоқ бўлиб туриб, охиратни эсладим. Сиз жаннатнинг пайғамбарлар турадиган энг олий даражаларида бўлсангиз, мен Сизни кўра олмасам, тоқатим етмаслигини ўйлаб шундай қаттиқ қўрқиб кетдим.

Аллоҳ таоло оят нозил қилди:

وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَالرَّسُولَ فَأُوْلَـئِكَ مَعَ الَّذِينَ أَنْعَمَ اللّهُ عَلَيْهِم مِّنَ النَّبِيِّينَ وَالصِّدِّيقِينَ وَالشُّهَدَاء وَالصَّالِحِينَ وَحَسُنَ أُولَـئِكَ رَفِيقاً

 “Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва улар қандай ҳам яхши рафиқлардур!” (Нисо. 69)

Сиз омон бўлсангиз мусибат писанд эмас!

Уҳуд жангида бир ансориянинг отаси, акаси ва эри шаҳид бўлдилар. Аёлга бу ҳақда хабар бердилар. Шунда ансория аёл сўради:

  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга не бўлди?
  • Алҳамдулиллоҳки, у зот омонликда, – дедилар.
  • Кўрсатинглар-чи, мен бир кўрай. – Аёлга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрсатдилар. Шунда аёл қалбининг тубидан ҳайқириб юборди: — Эй Аллоҳнинг расули! Сиз омон бўлсангиз, ҳар қандай мусибат ҳам менга писанд эмас!                                                                                                                                                                                                                                                       САҲОБАЛАРНИНГ МУҲАББАТИ

Зайд ибн Дусаннани Макка аҳли Ҳарамдан чиқариб қатл қилмоқчи бўлишди. Шунда Абу Суфён ибн Ҳарб ундан сўради:

  • Эй Зайд, Аллоҳни ўртага қўйиб сўрайман, ҳозир сенинг ўрнингга Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) калласини олишимизни ва сен ўз аҳлингга қайтиб кетишингни хоҳлармидинг?

Зайд жавоб берди:

  • Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) бирон тикон озор берадиган жойда бўлса ҳам мен уйимда ўз аҳлим билан ўтиришни хоҳламас эдим!

Абу Суфён айтди: “Муҳаммаднинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат қўйганичалик бирон кимсанинг муҳаббатини кўрмадим”.

ЭРТАГА ҲАБИБИМГА ЕТИШАМАН!

Билол разияллоҳу анҳу вафот этишга яқин бўлиб қолди. Унинг аҳли айтар эди: “О, қандай мусибат!”

Ўзи эса: “Оҳ, қандай роҳат! Эртага ҳабибим Муҳаббат саллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг суҳбатларига етишаман!” дер эди.

Ўлим аччиғи ҳаловатга айланган эди. Бу бир имон ҳаловати эдики, бу ҳақда Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган эдилар:

“Кимда уч нарса бўлса имоннинг ҳаловатини топур:

  • Аллоҳ ва Унинг расули унинг учун бошқа ҳаммасидан маҳбуб бўлмоғи;
  • бир кишини яхши кўрса фақат Аллоҳ учунгина яхши кўрмоғи;
  • куфрга қайтмоқликни гўёки ўтга тушишни ёқтирмагани каби ёқтирмаслиги”.

МУҲАББАТ УЧУН ЯРАЛГАН ҚАЛБЛАР

Ривоят қилишларича Жаъфар ибн Муҳаммад разияллоҳу анҳу жуда ҳам қувноқ ва ҳазилкаш инсон эди. Бироқ унинг олдида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилиниб қолса, ранглари сарғайиб, тили тутилиб қолар ва кўз ёшлари тугаб қолгунча йиғлар эди.

Бу – унинг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатининг юқорилигидан, у зот саллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни қалбларнинг қуввати, руҳиятнинг озуқаси, кўзларнинг қувончи, балки бутун ҳаётнинг ўзи деб ҳисоблаганлигидан эди.

Кимки ушбу улуғ бахтдан мосуво эрса, у ўликлар қаторидадур. Бу муҳаббат чароғон нур эрур, ким уни йўқотса зулумат қаърида қолгай. Бу муҳаббат шифо эрур, ким уни бой берса унинг қалби дардларга мубтало бўлгай.

Бу ҳолдан ажабланмаса ҳам бўлади, зеробу гўзал қалблар муҳаббатга лойиқ бўлган зотнинг муҳаббати учунгина яралган бўлса.

АЛЛОҲ ВА УНИНГ РАСУЛИГА ФИДОЙИЛИК

Улуғ саҳобийлардан Мусъаб ибн Умайр диндош биродарларининг ёнига чиқди. Улар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида ҳалқа бўлиб ўтирган эдилар. Уни кўришибоқ бошларини эгиб, кўзларини ерга қадаб олишди. Кўзларидан ёшлари оқиб тушди. Эски ямоқ кийим кийим олган, ва ҳолонки илгари фақат янги ва оҳорсиз кийимлар кияр эди.

У илоҳалардан юз ўгириб, Исломни қабул қилган, онаси диндан қайт деб ҳарчанд мажбурласа ҳам кўнмаган. Охири диндан умидини узган она уни барча ноз-неъматлару, таъминотлардан маҳрум қилиб қўйган эди.

Шу онда Мусъабга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак нигоҳлари тушди. Табассум қилиб илтифот айладилар:

  • Мен бу Мусъабни кўраётирман. Ҳолбуки, Маккада ота-онасининг қошида бундан-да неъматланганроқ йигит бўлмаган эди. Сўнг Аллоҳга ва Унинг расулига бўлган муҳаббати учун уларнинг ҳаммасини тарк этди.

Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, эй Зайд!

Бани Мусталиқ ғазотида Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими билан Хазражнинг ҳалифи (иттифоқдоши) сув устида жанжаллашиб қолишди. Умар ибн Ҳаттоб разияллоҳу анҳунинг ходими Хазражнинг ҳалифини урган эди ундан қон оқди. Ҳалиф қичқира бошлади:

  • Ҳой ансорийлар жамоаси!

Ходим ҳам қичқирди:

  • Эй муҳожирлар жамоаси!

Ҳар икки тарафдан одамлар тўплана бошлади. Ҳатто қуролларини чиқаришгача боришди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам чиқдилар ва уларга қарата:

  • Бу қандай жоҳилият даъвоси?! Қўйинглар, ўша бадбўй даъвони! – дедилар.

Ҳазраж қавмининг вакиллари орасида турган, мунофиқларнинг боши Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг ғазаби келди.

  • Агар Мадинага қайтсак, албатта азиз хорни ундан чиқарур! – деди, ўзини азиз, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни хор деган маънода.

Уларнинг орасида Зайд ибн Арқам исмли йигит бор эди. Унинг гапини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берди.

  • Эй йигит, эҳтимол сен унга ғазаб қилаётгандурсан, ёки янглиш эшитгандурсан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Аллоҳга қасамки, мен ундан ўша сўзни эшитдим! – деди Зайд.

У айтади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг сўзимга ишонмаганларидан қаттиқ ташвишда қолдим. Амаким: “Сени Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёлғончи қилишини хоҳлаган экансан-да!?” деди.

“Мен ростдан ҳам эшитганман. Агар бу сўзни отамдан эшитганимда ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиб берган бўлур эдим. Энди мен Аллоҳ таоло расулига сўзларимни тасдиқлагувчи оят туширса деб умид қиламан”, дедим.

Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу сўзларимдан чалғитиш учун одамларни етаклаб жўнаб кетдилар. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмасдан “Мунофиқун” сураси нозил бўлди”.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Арқамнинг қулоғидан ушлаб туриб:

  • Эй йигит! Қулоғинг тўғри тушунган экан. Аллоҳ сўзингни тасдиқлади, мунофиқларни рад этди, – дедилар.

СУҲАЙБ ФОЙДА КЎРДИ!

Суҳайб Румий ҳижрат қилишни ирода қилди. Бундан хабардор бўлган Қурайш мушриклари унга айтишди:

  • Келганингда бечораҳол қашшоқ эдинг. Бу ерга келиб бойиб кетдинг. Шунчалик даражага етиб қолдинг. Энди мол-мулкларингни олиб чиқиб кетмоқчимисан? Аллоҳга қасамки, бунақаси кетмайди!
  • Хўп. Агар молу мулкимни сизларга ташлаб кетсам, мени холи қўясизларми? – сўради Суҳайб.
  • Ҳа, – дейишди.
  • Молимни сизларга бердим! – деди у ва мол мулкини топшириб ҳижрат қилиб чиқиб кетди. Бу хабар Сарвари коинотга етиб келганда жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам илтифот айладилар:
  • Суҳайб фойда кўрибди! Суҳайб фойда кўрибди!

Киши яхши кўргани биландур!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дуо қилсалар “Эй Аллоҳ! Менга Ўзингнинг муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўйганларнинг муҳаббатини, мени Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиганларнинг муҳаббатини ризқ айла! Муҳаббатингни мен учун муздек сувдан ҳам кўра маҳбуброқ айла!” дер эдилар.

 

Бир аъробий савол берди:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Қиёмат қачондур?
  • Сен унга нима тайёрлаб қўйгансан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Аллоҳга қасамки, мен унга намоз ҳам, рўза ҳам, бошқа каттароқ амал ҳам тайёрлаганим йўқ. Аммо мен Аллоҳни ва Унинг расулини яхши кўраман! – жавоб берди аъробий.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум айладилар ва:

  • Киши яхши кўргани биландур! – дедилар.

НИКОҲДАН ЖАННАТГА

Саъд Сулаймий Исломга кирган ва мусулмончиликни чиройли қилган ҳабаш қул эди. У масжидга кириб намоз ўқиди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирди. Одамлар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофида жамланиб ўтириб, сўзларини эшитар, дин ва дунё ишларидан саволлар беришар эди.

Саъд ҳам ўрнидан туриб савол берди:

  • Менинг ҳабашлигим ва хунуклигим жаннатга киришига монеълик қиладими?
  • Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, Раббингга тақво қилар экансан, Унинг расулига келган нарсаларга имон келтирар экансан, ундоқ бўлмагай! – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) Унинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик бердим! Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлишликка гувоҳлик бердим. Менга яна нима бўлади, Эй Аллоҳнинг расули?
  • Қавмга нима бўлса, сенга ҳам ўша. Қавмнинг зиммасида нима бўлса сенинг зиммангда ҳам ўша. Сен уларнинг биродарисан.
  • Сизнинг ҳузурингизда турганларга ҳам, ҳузурингизда бўлмаганларга ҳам, омматан, совчи бўлиб бордим. Бироқ менинг қора танлигим ва кўринишим хунуклиги учун мени қайтаришди. Ҳолбуки, мен ҳам Бани Салим наслиданман.
  • Амр ибн Ваҳбга бор. Эшигини тақиллат. Салом бер. Кириб унга: “Набийюллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизларингиздан бирини менга унаштирди”, деб айт! – дедилар ҳазрат саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрган томонга йўл олди. Эшини қоқди. Уларга салом бериб:

  • Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузуридан вакилман. У зот қизларингидан бирини менга унаштирганларини айтдилар, – деди.

Амр уни қўполлик билан қайтириб юборди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтиб борди.

Амрнинг қизи парданинг ортидан суҳбатни эшитиб турган эди. Чодрасидан чиқиб Саъдни чақирди:

  • Эй Аллоҳнинг бандаси, қайт! Агар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам мени сенга унаштирган бўлсалар, Аллоҳ ва Унинг расули рози бўлган ишга мен ҳам розиман!

Саъд бир лаҳза тўхтади. Бироқ бу қиз токи отаси бор экан, ўзига ўзи эгалик қила олмаслигини фаҳлаб, ортига қайтмасдан йўлида давом этиб кетаверди. Қиз отасига айтди:

  • Эй отажон! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига шошилинг! Аллоҳ таоло марҳамат қилган:

وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْراً أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالاً مُّبِيناً

“Аллоҳ ва Унинг Расули бир ишни ҳукм қилганида ҳеч бир мўмин ва мўмина учун ўз ишларини ўзларича ихтиёр қилмоқлик йўқдур. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлса, бас, батаҳқиқ, очиқ адашиш-ла адашибди”. (Аҳзоб. 36) Сизни араблар орасида шармисор қилгувчи бирор ваҳий келиб қолмасдан бурун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрига ижобат қилиб қолинг.

Амр кўрдики, бу масалада қизи ундан кўра тўғрироқ фикр юритяпти. Шу заҳотиёқ бориб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан узр сўраб амрини бажо қилмоқ учун йўлга тушди. Аммо Саъд ундан аввалроқ етиб келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга бор гапни айтиб бўлган эди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Амрдан нима учун қизини беришга рози бўлмаганлигини сўрадилар.

  • Мен уни қайтармадим. Лекин у ёлғон сўзлаяптимикин деб ўйладим. Шунинг учун унинг сўзи тўғрилигига ишонч ҳосил қилгани ҳузурингизга келдим. Яна шуни эълон қилмоқчиманки, биз қизимизни унга бердик! – деди у.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу икки ёшга барака тиладилар ва Саъдга:

  • Бор, кириб у билан қўшил, – дедилар.

Бундан у бениҳоят хурсанд бўлиб кетди. Шодонлик ила ўзига ва келинчакка сарпо сотиб олиш учун бозорга кирди. Шу пайтда бозордан бир жарчининг нидоси эшитилиб қолди:

  • Ҳой отлиқлар! Отланинглар! Жаннатнинг башорат берилади!

Бу Исломни мудофаа қилиш ва Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш учун жангга чақириқ эди. Саъд ҳеч иккиланиб ўтирмай сарпо олишга тўплаган пулини олиб, от бозорига кирди. Пулига от, қилич ва найза сотиб олди. Сўнг аскарларга қўшилиб, мушрикларга қарши жангга кириб кетди. Жанг майдонида токи шаҳид бўлгунга қадар бир қанча отлиқ ва пиёда аскарларни қатл қилди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб унинг бошини муборак тиззаларига қўйдилар. Қурол ва отини келинчакка юборди. Кейин тайинладилар:

  • Бориб уларга Аллоҳ таоло уни қизларингизнинг энг яхшисига уйлантирди деб айтинг. Мана бу унинг мероси.

Кейин тиловат қилдилар:

إِنَّ الْمُتَّقِينَ فِي مَقَامٍ أَمِينٍ * فِي جَنَّاتٍ وَعُيُونٍ * يَلْبَسُونَ مِن سُندُسٍ وَإِسْتَبْرَقٍ مُّتَقَابِلِينَ * كَذَلِكَ وَزَوَّجْنَاهُم بِحُورٍ عِينٍ

 “Албатта, тақводорлар омонлик жойида. Боғу роғлар ва булоқларда бўлурлар. Улар шойи ипак киюрлар, бир-бирларига юзма-юз ҳолда (ўлтирурлар). Ана шундай! Ва Биз уларни ҳури ийнларга уйлантирдик”.(Духон. 51 – 54)

САВОДНИНГ “ҚАСОСИ”

Бадр ғазоти куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобининг сафларини назорат қилиб, қўлларида камон ўқи билан сафни тўғрилаётган эдилар. Бану Адий ибн Нажжорнинг вакили Савод ибн Ғузайя олдинроққа ўтиб кетган экан, қорнига камон ўқи билан туртиб:

  • Текис тур, эй Савод! – дедилар.
  • Эй Аллоҳнинг расули! Менинг жонимни оғритдингиз! Ҳолбуки Аллоҳ таоло Сизни ҳақлик ва адолат ила юборган бўлса. Мен энди Сиздан қасос олишим керак, – деди Савод.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг камоли меҳрибонлиги ва улкан хулқ соҳибилигидан дарҳол қоринларини очиб бердилар-да:

  • Мана, уриб ол – дедилар.

Шундан Савод Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қоринларини қучиб, ўпиб олди.

  • Сени бунга нима мажбур қилди, эй Савод? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Эй Аллоҳнинг расули! Менинг энг олий аҳдим – Сизнинг танангизга танамни текизиш бўлишини хоҳлаган эдим, – жавоб берди у.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуойи хайр қилдилар.

АБУ БАКРНИНГ САДОҚАТИГА ЯРАША МАРТАБАСИ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишни ирода қилганларида дўсти Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳам бирга Савр ғори томон азм қилди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бўртиб чиқиб турган қоятошларга чиқишга ва яланг оёқ юришга одатланмаган эдилар. Муборак оёқларига тошлар ботди. Бу ҳолни кўрган ҳазрат Абу Бакр ғорнинг оғзига етгунга қадар елкасига кўтариб олди.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ғорга кирмоқчи бўлганларида шошилиб:

  • Кирмай туринг! Аввал мен бир кириб кўрай! – деди.

Кириб ғорни айланиб, ҳамма томонини қўллари билан пайпаслаб текшириб кўрди. Бир тешик топиб, у жойга изорини қирқиб беркитди. Яна иккита тешик чиқди. Турли зарарли ҳашаротлар бўлса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақиб озор бермасин дея, у иккала тешикка икки оёқларини қадади. Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни чақирди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам анча толиққан эдилар. Кирганларидан сўнг Абу Бакрнинг тизларига бошини қўйиб ётиб уйқуга кетиб қолдилар.

Ҳазрат Абу Бакр бекорга эҳтиёт чораларини кўрмаган экан. Ҳақиқатан ҳам оёғи билан тўсиб турган тешикларнинг биридан илон келиб оёғини чақа бошлади. Илон тешикдан чиқиб кетмаслиги учун ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам безовта бўлмасин деб, оёғини қимирлатмай тураверди.

Бироқ чидаб бўлмас оғриқдан кўзларига ёш оқиб келди. Сўнг кўзидан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзларига оқиб тушиб, уйғониб кетдилар.

  • Эй Абу Бакр, сенга нима бўлди? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Эй Аллоҳнинг расули! Ота-онам Сизга фидо бўлсин, бир нарса чақиб олди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам илон чаққан жойни оғриқ тамом бўлгунча муолажа қилдилар.

Тонг отиб кун ёришганда ғордан чиқиб йўлга тушдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрга эътибор бериб қарасалар, йўлга чиқишда кийган изори йўқ. Сўраган эдилар, йиртиб ғордаги тешикларга тиққанини айтди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини юқори кўтариб дуо қилдилар:

  • Эй Аллоҳ! Қиёмат кунида Абу Бакрни менинг мартабамда қилгин!

Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон сафарга чиқсалар Фотимаи Заҳро разияллоҳу анҳо хайрлашгувчиларнинг охиргиси, қайтганларида эса истиқболларига чиққувчиларнинг энг биринчи бўлар эди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима разияллоҳу анҳонинг заифлиги ва маҳзунлиги учун қалби ачишар ва фироғига тоқат қила олмас эдилар.

Турмушга чиқарганларидан сўнг бир қанча кун ўтгач, олдиларига бориб айтдилар:

  • Мен сени ўзимга яқинроққа кўчириб ўтмоқчиман.
  • Ҳориса ибн Нўъмонни гаплашиб кўрингчи, уйини алмаштирармикин? – деди разияллоҳу анҳо.
  • Ҳориса ибн Нўъмон бизга жойини бўшатиб берган. Шунинг учун ундан сўрагани ҳаё қиламан, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Бу сўз Ҳорисага етиб борди. У Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Эшитишимча Фотимани ўзингизга яқинроқ жойга кўчирмоқчи экансиз. Мана менинг уйим – у Бани Нажжор уйларининг ичида Сизга энг яқинроғи. Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Аллоҳ учун ва Расули учун! Эй Аллоҳнинг расули! Аллоҳга қасамки, Мендан Сиз олган молим Сиз қолдирган молимдан кўра мен учун маҳбуброқдур! – деди.
  • Сен тўғри сўзладинг, Аллоҳ сенинг молингга барака берсин! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Фотиманинг уйини Ҳорисанинг уйига кўчириб келдилар.

САЪДНИНГ ОНАСИ

Уҳуд жангидан сўнг Саъд ибн Муъознинг онаси шошилиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Саъд Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам минган отнинг тизгини тутиб турган эди:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Бу – менинг онам! – деди.
  • Марҳабо, хуш келибди! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Саъднинг онаси Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга яқин келиб, тикилиб қаради ва:

  • Сизни соғ-омон кўрганимдан барча мусибатларим ёзилиб кетди! – деди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам онахонга Саъднинг ўғли Амр учун таъзия билдирдилар ва:

  • Эй Саъднинг онаси! Сенга хушхабар бўлсин ва уларнинг аҳлига ҳам хушхабар бўлсин! У қатл бўлганлар жаннатда ҳамроҳ бўлдилар улар ўн икки нафар эди, ўз аҳлларини шафоъат қилдилар, – дедилар.
  • Бизлар Аллоҳнинг расулидан рози бўлдик! Шу сўзлардан сўнг уларга ким ҳам йиғласин?! – деди Умму Саъд разияллоҳу анҳо.

ЙИҒЛАМА, АБУ БАКР!

Абу Саъид Худрийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотига сабаб бўлган хасталикларида мажолсиз ҳолда чиқдилар ва минбарга кўтарилиб шундай дедилар:

  • Бандага дунё ва унинг зийнати таклиф қилинган эди, у охиратни ихтиёр қилди.

Бу сўзларнинг моҳиятини ҳазрат Абу Бакрдан бошқа ҳеч ким фаҳламади.

  • Ота-онам Сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Нафақат ота-онамиз, балки, ота-боболаримиз, фарзандларимиз, ўзларимиз ва молларимизни Сизга фидо қилайлик! – деб йиғлаб юборди у.
  • Йиғлама, эй Абу Бакр! Шубҳасизки, мен учун инсонларнинг энг садоқатлиси – Абу Бакр. Агар инсонлардан халил – дўст тутсам Абу Бакрни тутган бўлур эдим. Лекин у менинг исломий биродарим. Масжид эшикларидан бирортаси ҳам қолмай беркитиб ташлансин, фақат Абу Бакрнинг эшигидан ташқари, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Абу Бакр разияллоҳу анҳу яна йиғлади ва:

  • Менинг ўзим ҳам, молим ҳам Сизники эй Аллоҳнинг расули!

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ Асака туман бош имом хатиби