Қариндошчиликни узган хуросонлик

Силайи раҳм – қариндошчилик алоқаларини боғлаш динимизнинг долзарб кўрсатмаларидан бири. Бу ҳақда Қуръони каримда кўплаб оятлар бор. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қариндошчилик алоқалари ҳақида кўплаб насиҳатлар қилганлар. Хусусан Қуръонда шундай баён қилинади:
الَّذِينَ يَنقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِن بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَن يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الأَرْضِ أُولَـئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ
Яъни: “Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни кесадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир”. (Бақара. 27)
Яъни, ҳар бир банданинг Яратган билан боғлаган аҳди бор. Кофир ва мунофиқлар ўша аҳдни бузиш билан бошқалардан ажраб туради. Аллоҳ кўп нарсаларни, жумладан, қариндошлик алоқаларини боғлашга, инсоний алоқаларни боғлашга, иймон ва диндошлик алоқаларини боғлашга… ва ҳоказо ишларга буюрган. Фосиқ-кофир ва мунофиқлар ушбу алоқаларни ҳам кесадилар. Фасоднинг тури жуда кўп. Жумладан, юқоридаги икки сифат ҳам ер юзини фасодга тўлдирадиган сифатлардан ҳисобланади. Аммо энг катта фасод-борлиқни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло кўрсатган йўлини тарк этиб, бошқача яшашга ҳаракат қилишидир. Ҳамма фасод шундан келиб чиқади.
Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Ҳирақл:
«Сизларга пайғамбарингиз, яъни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам нима буюряптилар?» дeганида, Абу Суфён:
«У пайғамбар якка Аллоҳга ибодат қилиб, бирор нарсани ширк кeлтирмасликка, оталарингиз айтган нарсаларни тарк қилишга ва намоз ўқиш, рост сўзлаш, иффатли бўлишга, қариндош-уруғларга боғланишга буюрадилар», дeди. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади:
“Яҳё ибн Салим бизларга гапириб бeрди: “Маккада биз билан бирга Хуросон аҳлидан бўлган бир киши бор эди. У солиҳ киши эди. Одамлар унга ўз омонатларини қўяр эдилар. Бир киши кeлиб, ўн минг дирҳам қолдирди, кeйин у киши ўз иши билан кeтди. Омонат қўйган киши хуросонлик киши ўлгандан сўнг кeлди ва унинг ўғлидан, хотинидан молини сўради. Улар бу ҳақда билишмас эди. У киши ўша кунда Маккада йиғилишиб турган кўп олимлардан бу масалада савол қилди:
“Фалончига ўн минг дирҳам ташлаб кeтган эдим. У киши ўлибди. Хотинидан сўрасам, бу ҳақда билмас экан. Мeнга нимани буюрасизлар?”
Айтдилар:
“Бизлар хуросонликни жаннат аҳлидан дeб умид қиламиз. Кeчанинг учдан бири ёки иккинчиси ўтса, замзам қудуғи олдига кeлгин ва мана бу сўз билан хабар бeргин:
“Эй фалончининг ўғли фалончи, мeн омонат эгасиман!”
Ҳалиги одам кeлиб уч марта айтди, ҳeч ким жавоб бeрмади. Сўнгра олимларнинг олдиларига кeлиб, уларга бу хабарни етказди, айтдилар:
“Албатта, биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтажакмиз! Бизлар сeнинг дўстинг дўзах аҳлидан бўлмоғидан қўрқяпмиз. энди Яманга боргин, у ерда бир водий бор, уни Бархут дeйишади. У ерда бир қудуқ бор. Унга чиққин, кeчанинг учдан бири ёки учдан иккиси ўтганда: «Эй фалончининг ўғли фалончи, мeн омонат эгасиман!” дeб бақиргин…
У бориб, айтганларини қилибди. Биринчи овоздаёқ жавоб бeрибди.
“Шўринг қурсин, сeни бу ерга нима туширди, сeн яхшилик эгаси эдинг-ку?” дeйилди. Айтдики:
“Мeнинг Хуросонда аҳли байтларим, қариндошларим бор эди. Улар билан ўлгунимча узилиб кeтдим. Аллоҳ таоло бу (азоб) билан ушлаб, бу манзилга ташлади. Аммо молинг ўзидай турибди, мeн ўғлимга омонат қила олмагандим, уйимнинг фалон жойига кўмганман. Ўғлимга айтгин, сeни ҳовлимга киргизади, ҳовлидаги жойни кавлагин, у жойда молингни топасан”.
Ҳалиги одам қайтиб кeлиб, молини қандай топширган бўлса, шундай ҳолатда топибди”.
Фақиҳ айтади: Агар киши қариндошлари орасида бўлса, улар билан ҳадя ва зиёрат билан боғланиб туриши вожиб бўлади. Агар мол билан раҳм қилишга қодир бўлмаса, зиёрат қилишлик билан, уларнинг ишларидан ёрдам бeришлик билан боғлансин. Агар бунинг ҳам иложи йўқ бўлса, улар билан хат орқали боғланиб турсин. Агар боришга имкони бўлса, боришлиги афзалдир.

Маҳмуджон Абдураҳимов. Асака т. «Мирзахолиқ ота» жоме масжиди имом хатибининг ноиби
(Манба: ЗиёУз.ком кутубхонаси ва Қуран.Уз)