بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين* لا حول ولا قوة إلا بالله*
Чигиртка қишлоқ хўжалиги учун энг хатарли зараркунанда эканлигин кўпчилик билади. Вақти-вақти билан чигиртка пайҳон қилаётган ерлар ҳақида эшитиб ҳам турамиз. Аллоҳ таоло Фиръавн қавмига ҳам айнан чигиртка балоси юборилгани Қуронда баён қилинган:
فَأَرْسَلْنَا عَلَيْهِمُ الطُّوفَانَ وَالْجَرَادَ وَالْقُمَّلَ وَالضَّفَادِعَ وَالدَّمَ آيَاتٍ مُّفَصَّلاَتٍ فَاسْتَكْبَرُواْ وَكَانُواْ قَوْماً مُّجْرِمِينَ
“Бас, уларнинг устидан тўфон, чигиртка, мита, бақа ва қонларни очиқ-ойдин ва муфассал белгилар қилиб юбордик. Бас, улар мутакаббирлик қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар”. (Аъроф. 133)
Бироқ чигиртка ҳақида кўпчилик билмаган ҳикмат ҳам бор.
Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Умар разияллоҳу анҳу халифалик қилган йилларнинг бирида чигиртка камайиб кетди. Умар разияллоҳу анҳу суриштирган эди, бирор хабар топилмади ва у зот бундан ғамга чўкди. Шунда чигиртка кўриниб қолармикин, деб Яманга бир чопар, Шомга бир чопар, Ироққа яна бир чопар юборди.
Ниҳоят Яманга жўнатилган чопар бир ҳовуч чигиртка олиб келиб, рўпарасига ташлади. Буни кўриб Умар разияллоҳу анҳу такбир айтиб юборди. Сўнг шундай деди:
— Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ мингта умматни яратди. Олти юзтаси денгизда. Тўрт юзтаси қуруқликда. Бу умматлар ичида ҳалок бўладиган нарсаларнинг аввали – чигиртка. У ҳалок бўлгач, (бошқалар ҳам) ҳудди ипи узилган марвариддек эргашиб (ҳалок бўлади) – деганларини эшитганман”. (Ибн Касир тафсири)
Улуғбек қори Йўлдошев Асака т. «Холид ибн Валид» жоме масжиди ходими
