ҚУРБОНЛИК – АЛЛОҲГА ЯҚИНЛИК

Мусулмон умматига яна бир баракалик ой – Зулҳижжа ойи кириб келди. Бу ой ҳақиқатан баракали ойдир. Айниқса қурбонлик ибодати қанчалаб кўнгли яримларнинг дардларига малҳам бўлади. Қанчалаб адоватларни кўтариб юборади. Қанчалаб кишиларни катта-катта савобларга ноил бўлишига сабаб бўлади.
Қурбонликнинг кўплаб фазилатлари бор. Инсонлар ўртасида меҳр ва муҳаббатни пайдо қилади. Адоватни кетказади. Қурбонлик қилувчининг мартаба ва обрўсини кўтаради. Гуноҳлар тўкилишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло қурони каримда марҳамат қилади:
إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ {الكوثر/1} فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ {الكوثر/2} إِنَّ شَانِئَكَ هُوَ الْأَبْتَرُ {الكوثر/3}
“Биз сенга кавсарни бердик. Бас Роббингга холис намоз ўқи ва жонлиқ сўй. Албатта, сени ёмон кўриб, айбловчининг орқаси кесик”. (Маъно таржимаси “Тафсири ҳилол”дан олинди)
«Кавсар»ни тафсирчиларимиз «кўп яхшилик» деб айтганлар. Пайғамбарлик, Қуръон, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат ва Пайғамбаримизга берилган бошқа сон-саноқсиз яхшиликлар ҳам шулар жумласидан.
«Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй».
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «намоз»дан мурод, ийди қурбон намози, «жонлиқ»дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Михнаф ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: «Эй, одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили бир қурбонлик ва атийра лозимдир. Атийра нималигини биласизларми? У сизлар, ражабия, деб атайдиган нарсадир» — деганларини эшитдим». (Сунан эгалари ривоят қилган)
«Кавсар» сурасининг ояти ва ушбу ҳадисга асосан мазҳабимиз уламолари ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир, деганлар.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». (Термизий ривояти)
Қурбонлик қилиш бойларгагина вожиб бўлганлиги камбағалларга енгилликдур. Шу билан бирга муқаддас динимизда қурбонликка қодир бўла олмаган камбағаллар ҳам ўкситилмайди.
Қурбонликнинг фазилатларини эшитиб саҳобалардан бирларининг рағбати қўзиб кетиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берди:
«Айтингчи, мен урғочи манийҳадан ўзга нарса топмасам, уни қурбонлик қиламанми?» деди».
(«Манийҳа» биров томонидан соғиб ичиб туриш учун берилган соғин ҳайвон).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу саволга:
«Йўқ!» деб жавоб бердилар ва :
«Лекин, сочингни ва тирноқларингни оласан. Мўйлабингни қисқартасан. Қовуғингни тозалайсан. Ана ўшалар, Аллоҳнинг наздида сенинг қурбонлигингнинг тугал бўлганидир», дедилар».

Улуғбек қори Йўлдошев
Ҳадислар таржимасида “Ислом Уз.” сайтидан фойдаланилди