ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёғдириб турган ушбу ойнинг аввалги ўн кунлиги бошқа кунлардан кўра жуда ҳам катта фазилатларга эгадир. Айниқса ўнинчи куни қилинадиган қурбонлик мазкур фазилатларнинг аълосидир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек:
«Одамзот сўйиш куни қон чиқаришдан кўра Аллоҳга маҳбуброқ иш қилган эмас. Албатта, у(ҳайвон)лар қиёмат куни шохлари, жунлари ва туёқлари билан келурлар. Албатта, қон ерга тушишидан олдин Аллоҳнинг ҳузуридаги маконга етур. Уни чин кўнгилла чиқарингиз», дедилар». (Оиша разияллоҳу анҳодан Термизий ривояти)
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида:
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деганлар.
Қурбонликнинг фазилатлари кўп. Расулуллоҳ айтгалар:
“Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади. Ҳайит намозини ўқиб, қурбонлик сўйган мўминлар менинг умматимдандир”, – деганлар.
Қурбонликнинг фиқҳий ҳукмлари ҳам борки, уни ҳар бир қурбонлик қилгувчи билиши вожиб. Шулардан энг зарурийларини манбалар асосида тақдим қиламиз:

Қурбонлик вақти зул ҳижжанинг ўнинчи куни ҳайт намози ўқилгандан кейин ўн иккинчи куни қуёш ботишига озгина қолгуничадир. Қуёш ботиши билан қурбонлик вақти чиқади. Зул ҳижжанинг ўн учинчи куни такбири ташриқ айтиш вожиб бўлсада, лекин қурбонлик қилиш жоиз эмас.
Зиммасига қурбонлик вожиб бўлган киши илмсизлиги ёки бирор бир узр туфайли қурбонлик кунлари ушбу ой ўзининг ўтиб кетгунча қурбонлик қила олмаса, жонивор сотиб олган бўлса, жониворни тириклигича, сотиб олмаган бўлса, унинг қийматини фақат фақир ва мискинларга садақа қилиши вожиб бўлади.
Бир киши бир неча йиллардан буён нисоб эгаси бўлиб, қурбонлик қилмай келаётган бўлса, ўтган ҳар йил эвазига биттадан қурбонликнинг қийматини садақа қилиш вожиб бўлади.
Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди.
Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади.
Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади.
Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир.
Агар аёл кишининг тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади.
Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди.
Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик собит бўлади.
Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир.
Қассобнинг хизмат ҳақини сўйилган қурбонлик гўштидан бериш жоиз эмас.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби