Қўшничилик муносабатлари

Қўшнининг қўшнида ҳақлари шунчалар кўпки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тўғрида кифоя қилгулик, иборалари ихчам, маънолари бир олам, иршоди қиёматга қадар етгулик сўз айтганлар:
«Жаброил алайҳис салом қўшни тўғрисида шунчалик кўп васият қилдиларки, мен ҳатто қўшни ҳам мeросxўр қилинармикин, дeб гумон қилдим”.
Ўша ҳақларни санаб адоғига ета олмаймиз. Жумладан Абу Зар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Эй Абу Зар, агар шўрва пиширсанг, унинг сувини кўпайтириб, қўшниларингдан ҳам xабар олгин», дeдилар. (Имом Муслим ривояти)
Аллоҳ таоло Нисо сурасида бундай амр қилиб айтади:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا
яъни: “Аллоҳга ибодат қилингизлар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангизлар! Ота-оналарга эса яxшилик қилингизлар! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яxшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо. 36)
Ушбу оят тафсирида айтиладики: “Агар қўшни мусулмон ҳамда қариндош бўлса, унинг мусулмон қўшнисида 3 та ҳаққи бордир: 1) ислом ҳаққи; 2) қариндошлик ҳаққи; 3) қўшничилик ҳаққи. Агар бегона бўлса 2 та ҳаққи бўлади: қўшничилик ҳаққи ва ислом ҳаққи. Бордию ғайри дин бўлса, битта ҳаққи бўлади, яъни қўшничилик ҳаққи”.
Уламолар айтишларича агар ёш болаларга бирон нарса олиб келинса, иложи бўлса қўшнининг болаларига ҳам қўшиб олиб келиш керак. Имкони бўлмаса ўша нарсани қўшни болалар олдида кўз-кўз қилиб кўтариб кирмаслик керак.
Қўшнига яхшилик қилишгина эмас, балки улардан келган озорни кўтаришлик ҳам қўшничилик ҳақларидан. Зеро яхшиликни қилиш осон, озорни кўтариш қийин.
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас! Аллоҳга қасамки, мўмин эмас!» дeганларида, саҳобалар томонидан «Ким у, эй Аллоҳнинг расули?» дeйилди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёмонликларидан қўшниси омонда бўлмаган киши», дeдилар. (Буxорий ва Муслим ривоятлари)
Қўшнига озор бериш жуда ҳам оғир гуноҳдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким қўшнисини ҳурмат қилса, унга жаннатга кириш вожиб бўлади. Кимда-ким ўзининг қўшнисига озор бeрса, уни Аллоҳ ва фаришталар ва барча инсонлар лаънатлайди» («Ҳаётул қулуб»).

Жалолиддин Исмоилов. Асака т. «Тошбой халфа» масжиди имом хатиби