Юрт узра бузғунчилик қилиш, тинч аҳолининг оромини бузиш ва ноҳақ қон тўкиш муқаддас динимиз таълмотларида улкан гуноҳлардан ҳисобланади. Кимки бирор инсоннинг қонини ноҳақ тўкса, гўё бутун инсонларни қатл қилган кабидир. Бу тўғрида Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло огоҳлантиради:
مِنْ أَجْلِ ذَلِكَ كَتَبْنَا عَلَى بَنِي إِسْرَائِيلَ أَنَّهُ مَن قَتَلَ نَفْساً بِغَيْرِ نَفْسٍ أَوْ فَسَادٍ فِي الأَرْضِ فَكَأَنَّمَا قَتَلَ النَّاسَ جَمِيعاً وَمَنْ أَحْيَاهَا فَكَأَنَّمَا أَحْيَا النَّاسَ جَمِيعاً وَلَقَدْ جَاءتْهُمْ رُسُلُنَا بِالبَيِّنَاتِ ثُمَّ إِنَّ كَثِيراً مِّنْهُم بَعْدَ ذَلِكَ فِي الأَرْضِ لَمُسْرِفُونَ
Яъни: “Шунинг учун ҳам Бани Исроилга: «Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади», деб ёздик. Батаҳқиқ, уларга Пайғамбарларимиз баёнотлар олиб келдилар. Сўнгра, бундан кейин ҳам, улардан кўплари ер юзида исроф қилгувчилардан бўлдилар”. (Моида. 32)
Ҳадиси шарифда келганидек, бир мўминни ўлдириш дунёнинг заволидан ҳам оғирроқдир:
لزوالُ الدنيا أهونُ على اللهِ مِنْ قتلِ رجلٍ مسلمٍ
“Бир мусулмон кишининг қатли Аллоҳнинг ғузурида дунёнинг завол топиши енгилроқдир”. (Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан Термизий ривояти)
Жамоатчиликнинг муҳим муаммоларидан бири бўлиб тўрган террор минглаб бегуноҳ кишиларнинг ёстиқлари қуришига сабаб бўлмоқда. Терроризмнинг кирдикорлари бугунги кунда кўпчиликка маълум бўлиб қолди. шундай бўлса-да, ҳамон кимлардир унинг тузоқларига илиниб қолиши давом этмоқда. Шунинг учун бу тўғрида кўплаб эслатма қилиб туришга эҳтиёж сезилмоқда.
Мустақилликка эришганидан сўнг ижтимоий адолат, хавфсизлик, ижтимоий муҳофаза, миллати, дини ва эътиқодидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини, қонуннинг устуворлигини таъминлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар кўрилди. Жамиятдаги соғлом ижтимоий-сиёсий муҳитни бузадиган, одамлар фикрини чалғитадиган нохуш ҳолатларга барҳам берилди. Мамлакат ва халқ манфаатлари йўлида бирлашиш, ҳамжиҳат бўлиш, барча имкониятлардан эҳтиросларга берилмай, ақл-идрок билан фойдаланиш йўли тутилди.
Ўзларини ислом динининг «ҳимоячилари» деб кўрсатишга уринаётган террористларнинг асл нияти чинакам исломий қадриятларни тиклаш эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритиш, Марказий Осиёдаги мамлакатларни ўзлари танлаган йўлдан қайтариш ва бутун минтақада ўз ҳукмронлигини ўрнатишдир.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби
