“Сабрнинг таги сариқ олтин” дейди доно халқимиз минглаб йиллик тажрибаларга суяниб. Албатта бу мақолдаги “сариқ олтин”дан мурод маънавий бойлик бўлсада, сабр қилишлик ҳаётда моддий бойликка ҳам сабаб бўлар экан
САБРНИНГ ТАГИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Сабр ҳақида қанча ёзсак камлик қилади. Зеро Қурони Каримнинг оятларида ҳам жуда кўп маротаба сабрнинг баёни келган. Бир қанча ҳадиси шарифларда сабрнинг фазилати зикр қилинган.
Ато ибн Аби Рабоҳ раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: “Менга ибн Аббос разияллоҳу анҳумо:
‒ Мен сенга Жаннат аҳлидан бўлган хотинни кўрсатайми? ‒ деди.
‒ Майли, ‒ дедим.
‒ Анави ҳабаш хотин, у Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, “Менинг тутқаноқ дардим бор ва очилиб қоламан. Бас, мен учун Аллоҳга дуо қилиб беринг” ‒ деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар хоҳласанг, сабр қиласан ‒ сенга Жаннат бўлғуси. Ва агар хоҳласанг, Аллоҳ таолога дуо қиламан, сенга шифо беради”, ‒ дедилар. “Мен сабр қилгум, ‒ деди. Сўнг яна: ‒ Мен очилиб қоламан. Бас, мен учун Аллоҳга дуо қилиб беринг, очилиб қолмайин”, ‒ деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳақига дуо қилдилар”. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Ривоят қилишларича ўша аёл шундан сўнг тутқаноқ бўлса-да, устлари очилиб қолмас экан.
Имом Нисопурий раҳматуллоҳи алайҳининг “Асбобун-нузул” китобида келтирилишича мушриклар Авф ибн Молик Ашжаъийнинг ўғлини асир қилиб олдилар. Шунда у Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб қашшоқликдан шикоят қилди ва:
‒ Душман ўғлимни асир қилиб олди, онаси хавотирланяпти. Энди менга нимани буюрасиз? ‒ деди.
‒ Аллоҳга тақво қил. Сабр айла. Сенинг ўзингга ҳам, хотинингга ҳам ”Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” сўзини кўпайтиришни буюраман, ‒ дедилар пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг уйига қайтди. Хотинига:
‒ Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам менга ҳам, сенга ҳам ”Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” сўзини кўпайтиришни буюрдилар, ‒ деди.
‒ Қандоғам яхши ишга буюрибдилар-а?! ‒ деди хотини хурсанд бўлиб.
Эр-хотин иккаласи ўша сўзни кўп айта бошладилар. Душман ўғилдан ғафлатда қолган эди, уларнинг қўйларини олидига солиб ҳайдаб отасининг олдига келди. Қўйлар тўрт минг бош эди. Шунда “Талоқ” сурасининг 2-3-оятлари нозил бўлди:
وَمَن يَتَّقِ اللَّهَ يَجْعَل لَّهُ مَخْرَجاً * وَيَرْزُقْهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ
Яъни: “Ва кимки Аллоҳга тақво қилса, унга махраж(мушкулдан чиқув йўли)ни қилади ва уни ўйламаган томонидан ризқлантириб қўяди”.
Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жомеъ масжиди ходими
