Сақловчилар

Бутун оламларни яратган Аллоҳ таоло ерда Ўзига ибодат қилиши учун Одам аталмиш бандасини яратди. Инсонга синов ўлароқ нафсни ва шайтонни бириктириб қўйди. Инсон ғафлатда қолмасин деб бот-бот ўзини ҳар бир нарсадан хабардор эканини каломи орқали ҳам эълон қилди.

“Сизларнинг орангиздаги ўз гапини яширган киши ҳам, уни ошкора қилган киши ҳам, кеча қоронғусида яширинувчи ҳам, кундузи (ошкора) юрувчи ҳам (Унинг учун) баробардир”(Раъд,10).

Аллоҳ таоло бандаларнинг қилмишлари бирдек билиб туради.У зот ҳамма нарсадан хабардор бўлсада, бандага ҳужжат бўлсин деб амалларини ёзиб бордиган фаришталарни бириктирди.

“Унинг (инсоннинг) олдида ҳам, ортида ҳам таъқиб этувчи (фаришталар) бўлиб, улар Аллоҳнинг амри билан уни муҳофаза қилиб турурлар…”(Раъд,11).

Ушбу фаришталар ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳа алайҳи васаллам айтади:”Улар сизлар учун алмашиб, кетма-кет келиб турадилар.Кечаси бир хил фаришталар. Кундузи бир хил фаришталар келади. Улар бамдод ва аср намозида жам бўладилар. Аллаҳнинг ҳузурига сиз билан тунни ўтказувчилар кўтарилганда, улардан, Ўзи сизларнинг ҳолингизни яхши билса ҳам:”Бандаларимни қай ҳолатда тарк қилдингиз”. Деб сўрайди. Фаришталар:”Уларнинг ҳузурига борганимизда намоз ўқиётган экан. Уларни тарк қилганимизда ҳам намоз ўқишётган эди”, дейишади”, деганлар.

Оятдаги “муҳофаза” калимаси “сақлаш ва ёдлаб – эслаб қолиш” маъноларини билдиради. Шудан келиб чиқиб, бандага бирктирилган фариштала иккита ишни бажаради. Яъни бандаларни турли ёмонликлардан сақлаб туради ҳамда қилаётган амалларини ёзиб, ёдда сақлаб туради. Иккита фаришта ўнг ва чап тарафда туради. Ўнг тарафда турган фаришта яхши амалларни, чап тарафда тургани ёмон амалларни ёзиб боради. Яна икки фаришта олд ва орқадан уни қўриқлаб туради. Демак.банда тўрт фариштаниниг қуршовида бўлади.

Каъбул ахбор айтади:”Агар Аллоҳ таоло сизларга таомларингиз, ичимликларингиз ва авратларингиз борасида қўриқлайдиган фариштани  вакл қилмаганда, албатта, жин сизларни талаб кетган бўларди”.

Шаъровий айтади:”Қилинган ишлари ёзилиб борилиши банда учун фойдали. Чунки (ёзилаётганини ўйлаб) ўша ишлардан узоқда бўлади…

Мисол учун, талаба ёзма имтиҳон топширса, (ноҳақлик қилинса)ҳаққини талаб қилиши осон бўлади…

Шунинг учун доим душманларингни ёмон кўрманглар, деб айтаман. Чунки дўстинг сени айбингни қидирмайди. Аммо душманингни икки кўзи узоқ вақт сенинг зийнинг учун очиқ туради. Шунинг учун ҳам сен хато қилишдан сақланасан”.

Хулоса шуки, қани энди доимо тўртта фаришта қуршовида эканимизни ҳис қилсак. Фариштаданда юқори даражага эришган бўлардик.

Асака туман “Муҳйиддин Саҳҳоф” масжиди имом – хатиби Муҳаммадали Зохидов тайёрлади.