Шаъбон ойи рўзаси

Рамазон эшик қоқишга шайланиб турибди. Шаъбон ойи кириб келди. Бу ойда Ислом тарихида кўплаб ҳодиса ва воқеалар бўлиб ўтган. Шулардан энг улуғи – ҳижрий сананинг иккинчисида Шаъбон ойининг ярмида, душанба куни қибланинг Байтул Мақдисдан Каъбайи муаззамага бурилиш жорий қилинган.
Шаъбон ойининг ўртасида бўладиган кечани ибодат, зикр, истиғфор айтиш ва қалбларни поклаш, кундузлари хайру-эҳсон ва мурувватлар қилиш билан ўтказиш, айни савобли амаллардан бўлиб ҳисобланади. Бу кечанинг фазлу-фазилати ҳақида Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қилганлар:
إن الله تعالى ليطلع في ليلة النصف من شعبان فيغفر لجميع خلقه إلا لمشرك أو مشاحن
“Шаъбоннинг ярмидаги кечада Аллоҳ таоло тажаллий этади. Шунда мушрик ва мушоҳин (адоватли кимса)дан бошқа барча халқини мағфират қилади.
Бу муборак кечада қандай яхши амаллар қилиш ва уни қай йўсинда ўтказиш борасида Сарвари коинот бундай таълим берганлар:
“Шаъбон ойи ярмининг кечаси келса, тоқатга яраша ибодат, зикр, истиғфор ва таҳажжуд намозлари ўқинглар ва кундузи рўзадор бўлинглар”.
Ойша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим. Унинг фақат озгинасининг рўзасини тутмас эдилар. Балки, ҳаммасини тутар эдилар, десак ҳам бўлаверади». Тўртовлари ривоят қилган.
Умму Салама розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаъбон ва Рамазондан бошқа икки ойнинг кетма-кет рўзасини тутганларини кўрмадим», дедилар. Термизий яхши санад билан ривоят қилган.
Баъзи ҳадисларда ворид бўлганки, Шаъбон ойида бандаларнинг қилган амаллари Аллоҳ таоло даргоҳига кўтарилар экан, зеро Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам амаллари рўзадор бўлган ҳолларида кўтарилишини яхши кўрган эканлар. Бу ҳақда Расул акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам мараҳмат қилиб шундай деганлар:
ذَاكَ شَهْرٌ يَغْفَلُ النَّاسُ عَنْهُ بَيْنَ رَجَبٍ وَرَمَضَانَ وَ هُوَ شَهْرٌ تُرْفَعُ فِيهِ الآْعَمالُ اِلي رَبِّ الْعَالَمِينَ و أُحِبُ اَنْ يُرْفَعَ عَمَلِى وَ أَنا صَائمٌ «(رواه النسائى(
“Ражаб ва Рамазон ойлари ўртасида келадиган ой фазилатидан кўп одамлар огоҳ эмаслар. Амаллар Раббил оламийн ҳузурига кўтариладиган ойдир. Мен рўзадорлигимда амалим Аллоҳ ҳузурига кўтарилишини яхши кўраман”.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби