Рамазон муборак!

МАРҲАБО, ЭЙ МОҲИ РАМАЗОН!

Ўлкамизга ойларнинг сарвари ва саййиди, ўн икки ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрмоқда. Барчаларингизни ушбу орзиқиб, интизор кутилган муборак айёмга эсон-омон етишганимиз муносабати билан самимий муборакбод этамиз.

Дунёдаги барча мусулмонлар Рамазон ойини соғиниб, катта тайёргарликлар билан кутиб олишади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг саҳобалари, тобеъинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Улар Рамазон кунлари турли хил фойдасиз гап-сўзлар, беҳуда ўйин-кулги, ғийбат, бўҳтон, ёлғондан сақланишган. Рамазон кечаларини кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, Аллоҳнинг зикри, тавба-истиғфор қилишлар билан бедор ўтказишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган. Тожирлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган.

Алҳамдулиллаҳ, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, ибодатларимизни ҳеч бир хавф-хатарсиз, Аллоҳ буюрганидай адо этишга муваффақ бўлаётирмиз. Олдинги йиллардагидек, бу йилги Рамазон ойида ҳам деярли барча масжидларимизда Қуръон хатмларини ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, таровеҳ намозлари, бошқа ибодатлар адо этилади, юртимиз равнақи, эл-юрт тинчлиги, ризқ-рўзимиз мўл бўлишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо ва илтижолар қилинади. Бу йилги Рамазон ойида ҳам ҳар қачонгидек беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиш, кўнгли ярим инсонларни йўқлаш, болаларга ҳадялар бериш, ифторликлар ташкил этиш каби гўзал урф-одатларимиз ҳам эсдан чиқмайди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимизки, Аллоҳ таолонинг инояти билан муборак Рамазон ойининг кириб келиш арафасида масжидимизнинг веб-сайти www.Tavhid.uz  ишга тушмоқда.

Ушбу саъю-ҳаракатлар самарали ва бутун мусулмон оммаси учун фойдали бўлишини Аллоҳдан сўраймиз.

Аллоҳ таоло Рамазонни барчаларимизга муборак ва баракотли этсин, ушбу ойни Қуръон хатмлари, таровеҳ намозлари, амри маъруф ва наҳйи мункар ва солиҳ амаллар билан ўтказишимизни насиб айласин! Кириб келаётган Рамазон ойи барчаларингизга муборак бўлсин, омин!

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби