Тақво ҳақида

ТАҚВО ҲАҚИДА
Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй инсонлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Ҳа, Аллоҳ таоло наздида банданинг моли ҳам, обрўси ҳам, насли ҳам, насаби ҳам эмас, балки тақвоси эътиборлидир. Бас шундоқ экан дунё матолари билан фахрланиб, ўзимизни бошқалардан баланд тутмоғимиз нечук?
Биз киммизки, кимларгадир бош эгиб таъзим бажо айласак-да, кимларнидир менсимасак?
«Тақво» сўзи луғатда «сақланиш, эҳтиёт бўлиш, қўрқиш, зарарли, қабоҳат ва кароҳиятли нарсалардан четланиш» маъноларини билдиради. Истилоҳда Аллоҳнинг уқубати ва азобларидан сақланиш учун Унинг буйруқларини бажариш, қайтариқларидан четланиш «тақво» дейилади. Тақво Аллоҳ таолодан қўрқиш, ҳаром ва шубҳали нарсалардан тийилишдир. Бундай хислат соҳиби тақводор саналади.
Аллоҳга тақво қилиш ундан қўрқишдир. Аллоҳдан қўрқиш эса, гуноҳ ишларни тарк этиш ва савоб ишларни кўпайтиришга сабаб бўлади.
Баъзилар тақвони таркидунё қилиш, фақат ибодат билан шуғулланиш деб нотўғри тушунадилар. Ҳазрат Умар (разияллоҳу анҳу)дан тақво нима, деб сўралганда, араблар сертикон майдондан яланг оёқ бўлиб, тикондан сақланиб ўтишни тақво деб атайдилар деган. Ҳаётда гуноҳ ишлар худди тиконларга ўхшайди. Ким улардан эҳтиёт бўлмаса, озор чекади, гуноҳ маъсият ишлардан сақланган эса тақво қилган бўлади.
Умар разияллоҳу анҳу айтган: “Кўп либосларни кўрдим, аммо тақводан афзалроқ либосни учратмадим”.
Али розияллоҳу анҳу: “Тақво — озуқаларнинг яхшиси” деган.
Саъд ибн Ваққос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Албатта, Аллоҳ таоло тақводор, қалби бой ва панада юрувчи бандасини яхши кўради», дeлилар. (Муслим ривояти)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган амал қайси?” дeб сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга қилинган тақво ва ҳусну хулқ”, дeдилар. Ва яна сўрадилар: “Инсонларни дўзахга кўп киргизадиган амал қайси?” Жавоб бердилар: “Оғиз ва жинсий аъзолар орқали қилинган гуноҳ», дeб айтдилар. (Тeрмизий ривояти)
(Жума тезислари, зиёуз.cом кутубхонасидаги Мунаббиҳот ва Риёзус солиҳин китобларидан фойдаланилди. )

Сарварбек Йўлдошев. Мирзо Шариф масжиди имом хатиби. Асака тумани