Тақво мўминнинг асосий сифатидир. Кимки Аллоҳнинг ҳузурида ҳурматга сазовор бўлишни хоҳласа, тақво қилсин. Бу ҳақда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло хабар берган:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
Яъни: “Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”.
Айтибдиларки, тавонинг уч мартабаси бордир. Энг аввалгиси шаҳодат калимасидир. Бунга ушба оятни далил қилганлар:
إِذْ جَعَلَ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي قُلُوبِهِمُ الْحَمِيَّةَ حَمِيَّةَ الْجَاهِلِيَّةِ فَأَنزَلَ اللَّهُ سَكِينَتَهُ عَلَى رَسُولِهِ وَعَلَى الْمُؤْمِنِينَ وَأَلْزَمَهُمْ كَلِمَةَ التَّقْوَى وَكَانُوا أَحَقَّ بِهَا وَأَهْلَهَا وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً
Яъни: “Эсла! Куфр келтирганлар қалбларида қизиққонликни жоҳилият қизиққонлигини жойлаганларида, Аллоҳ Ўз сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ва уларга тақво калимасини лозим кўрди, улар ушбуга ҳақли ва аҳл эдилар. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир”. (Фатҳ. 26)
Мазкур ояти каримадаги “тақво калимаси”ни шаҳодат калимаси деб тафсир қилганлар. (“Мадорик”, ибн Касир, “Кашшоф” ва бошқа тафсирлар)
Демакки, “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган мўмин тақво сари қадас қўйган бўлур экан.
Шунингдек, тақвонинг иккинчи мартабаси – Аллоҳ фарз қилган амалларни адо қилиб, ҳаром амаллардан сақланиш деб, бунга ушбу оятни далил қилганлар:
وَلَوْ أَنَّ أَهْلَ الْقُرَى آمَنُواْ وَاتَّقَواْ لَفَتَحْنَا عَلَيْهِم بَرَكَاتٍ مِّنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ وَلَـكِن كَذَّبُواْ فَأَخَذْنَاهُم بِمَا كَانُواْ يَكْسِبُونَ
Яъни: “Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқардилар, бас, уларни қилган касблари туфайли тутдик”. (Аъроф. 96)
Учинчи – энг олий мартабаси Аллоҳнинг зикридан чалғитувчи ҳар қандай ишдан сақланишлигини айтиб, ушбу оятни далил қилдилар:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اتَّقُواْ اللّهَ حَقَّ تُقَاتِهِ وَلاَ تَمُوتُنَّ إِلاَّ وَأَنتُم مُّسْلِمُونَ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга ҳақиқий тақво ила тақво қилинг. Ва фақат мусулмон ҳолингиздагина бу дунёдан ўтинг”. (Оли Имрон. 102)
وعن عبد الله هو أن يطاع فلا يعصى ويشكر فلا يكفر ويذكر فلا ينسى
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу оятни “Аллоҳга итоат қилиш, осийлик қилмаслик. Шукрона қилиш, куфрона қилмаслик. (Доимо Аллоҳни) эслаш, унутмаслик” деб тафсир қилган. (Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ибн Мурдавайҳ ва Ҳоким ривоят қилган. Ибн Касир)
Мана шу тақвонинг олий мартабасидир, деганлар. (“Таълим ал-мутаъаллим”)
Улуғбек қори Йўлдошев
