ТАРИҚАТ МАЪНАВИЙ ПОКЛИКДИР
Маълумки, тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этувчи ғоялар силсиласи сифатида пайдо бўлиб, унинг намояндалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Ислом дунёси фан ва маданиятидан муносиб ўрин олган ҳазрат Имоми Аъзам, Имом Мотуридий, Хожа Аҳмад Яссавий, Имом Ғаззолий, Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Сўфи Аллоҳёр каби зотлар аҳли тариқат бўлганлар ва тасаввуфнинг ривожига ҳисса қўшганлар, бу табаррук зотлар суннатга амал қилган илмда етук, руҳан пок, ахлоқан комил, маърифатли инсонлар эдилар.
Баъзилар шариат ва тариқат сўзларини бир-бирига зид деб нотўғри талқин қиладилар. Шариат амалларини омматан ҳамма бажаради. Тариқат амали эса қўшимча нафл ибодатлардан иборат бўлиб, хос кишилар адо этишади. Демак, аҳли тариқатлар шариатга амал қилиш баробарида қўшимча ибодатларни ҳам бажариб боради.
Тариқат пешволарининг ҳикматли сўзлари ва ҳаётий фаолиятлари ҳамиша халқни эзгуликка бошлаган. Айниқса, уларнинг илм олишга тарғиб этганлиги таҳсинга лойиқ.
Хожагон-нақшбандия тариқатининг етук шайхларидан Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратлари фарзандларига насиҳат қилар экан:
– Эй фарзанд, фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган, жоҳил сўфийлардан узоқ юр, молинг фиқҳ китоблари бўлсин, бирор киши сени мақтаса, ғурурланма, танқид қилса, ранжима. Инсонлардан ҳеч нарса сўрама, тама қилма, футувват, саховат аҳлидан бўл, Ҳақ таоло сенга нима берган бўлса, халққа тарқат, — дейди.
Тариқат Аллоҳ ва расулини севиш, ота-онага, устозга, мўмин-мусулмонларга меҳр-муҳаббат кўрсатишдир. Тариқат Нажмиддин Кубро каби она Ватан учун жон фидо қилиш, Хожа Аҳрори Валий каби юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги учун бор куч ва имкониятини бахшида этишдир. Тариқат чумолига ҳам озор бермаслик, Аллоҳ яратган ҳар бир паррандаю даррандага шафқат назари билан боқишдир. Энг муҳими, муҳаббатли бўлиш.
Тариқат йўлини ихтиёр қилган киши дунёга ҳирс қўйишдан ўзини сақлайди. Жаҳолатдан қутулиш йўлларини ахтаради. Аксинча бўлса, тариқат йўлида умрини беҳуда зое қилгани қолади, холос. Айниқса, инсон то нафсини ислоҳ қилмагунча, уни жиловламагунча бирор даражага асло эришолмайди. Чунки нафсни жиловлаш ўта оғир ишдир.
Тариқат таълимоти яхши хулқларни камол топтириш ва ёмон хулқлардан мутлақо қутулиш йўлларини кўрсатиб беради. Зотан, ахлоқни тузатмасдан қилинган тоат-ибодатнинг фойдаси йўқ. Инсон такаббур, дилозор бўлса, силаи раҳм қилмасдан кечаю кундуз ибодат қилса, унинг бундай ибодатидан бирор наф чиқмайди.
Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, баъзи бир кимсалар тариқатга кирдим деб, кийим-бошларини, юриш-туришларини ўзгартиришади. Маҳалла-кўйдан ажраш, ҳатто оила ва фарзандларини қаровсиз қолдириш ҳоллари кузатилмоқда. Бунинг оқибатида қаровсиз қолган ёш болаларнинг турли ёмон йўлларга кириб кетиш ҳоллари рўй бермоқда.
Бинобарин, жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар:
«Аллоҳ таоло сизларнинг ташқи кўринишларинг ва мол-мулкларингга эмас, балки амалларингизга қарайди» (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дилларимизнинг мусаффо, эзгу амалларимизнинг бардавом бўлишини барчамизга муяссар айласин!
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
