Банда тирик экан, гуноҳ содир қилиб қўйиши бор. чунки банда ожиз. Баъзан билиб, баъзан билмай, баъзан тасодфдан, баъзан қасддан гуноҳ қилиб қўяди. Албатта гуноҳдан тезроқ тийилиши керак. шунингдек унутмаслик керакки, бўмин бандалар учун тавба эшиклари доим очиқ. Бу ҳол токи қуёш мағрибдан чиққунга қадар давом этгай.
Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Қайс ал-Ашъарийдан (р.а.) ривоят қилинади — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло кундузи гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кeчқурун раҳмат қўлини ёзади. Ва кeчаси гуноҳ қилганлар тавба этишлари учун кундузи раҳмат қўлини ёзади. Бу нарса қуёш мағрибдан чиқадиган кунгача давом этади», дeдилар.
Яна шундай деганлар:
» كُلُّ بَنِي آدَمَ خَطَّاءٌ وَخَيْرُ الْخَطَّائِينَ اَلتَّوَابُونَ» (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه)
яъни: “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).
“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.
Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.
Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.
Истиғфор айтишга чорловчи ояти карималар ва тавба қилишга ундовчи ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Хусусан Қуръони каримда шундай дейилади:
وَلَوْ أَنَّهُمْ إِذ ظَّلَمُواْ أَنفُسَهُمْ جَآؤُوكَ فَاسْتَغْفَرُواْ اللّهَ وَاسْتَغْفَرَ لَهُمُ الرَّسُولُ لَوَجَدُواْ اللّهَ تَوَّاباً رَّحِيماً
Яъни: “Агар улар ўзларига ўзлари зулм қилган чоғларида ҳузурингга келиб, Аллоҳга истиғфор айтганларида ва Пайғамбар ҳам улар учун истиғфор айтганида эди, албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул этувчи ва раҳмли зот эканини топган бўлур эдилар”. (Нисо. 64)
Банда модомики Аллоҳга ширк келтирмас экан, унинг бошқа гуноҳларини Аллоҳ Ўзи хоҳласа кечириб юбриши мумкин:
إِنَّ اللّهَ لاَ يَغْفِرُ أَن يُشْرَكَ بِهِ وَيَغْفِرُ مَا دُونَ ذَلِكَ لِمَن يَشَاءُ وَمَن يُشْرِكْ بِاللّهِ فَقَدِ افْتَرَى إِثْماً عَظِيماً
Яъни: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқа гуноҳни, кимни хоҳласа, кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, катта гуноҳни тўқибдир”. (Нисо. 48)
Шунинг учун кимки билиб-билмай ожизлик билан гуноҳ содир қилиб қўйса, уни кечиргувчи Раббиси бор:
وَمَن يَعْمَلْ سُوءاً أَوْ يَظْلِمْ نَفْسَهُ ثُمَّ يَسْتَغْفِرِ اللّهَ يَجِدِ اللّهَ غَفُوراً رَّحِيماً
Яъни: “Ким ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳга истиғфор айтса, Аллоҳни мағфиратли ва раҳмли зот топади”. (Нисо. 110)
Шунингдек тавбанинг кўпроқ қабул қилиниш вақти ҳам бор. Кечанинг охирги қисми, тонг отишидан олдинги вақт дуо ва истиғфорлар қабул қилинадиган онлар ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, «Ҳар кеча туннинг охирги учинчи қисмида Аллоҳ таоло: “Ким дуо қилса – ижобат этаман, ким сўраса – бераман, ким истиғфор айтса – гуноҳидан кечаман», дейди”.
Акбаров Кимсанбой. Асака т. «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди муаззини
