Тавбага шошилинг

ТАВБАГА ШОШИЛИШ
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қурони каримда бандаларини тавба қилишга чорлайди:
وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعاً أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур. 31)
Уламолар айтадиларки, бандалар бу борада икки қисмга бўлинади. Бири тавба қилиб нажот топгувчилар, иккинчиси тавба қилмаган золимлар, яъни ўзларига ўзлари зулм қилганлар. Биринчисига юқоридаги оят далил бўлса, иккинчисига бошқа оят далил:
وَمَن لَّمْ يَتُبْ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
“Ва ким тавба қилмаса, бас, ана ўшалар ўзлари золимлардир” (Ҳужурот. 11)
Демак тавба қилганлар нажот топар экан, тавба қилиш нимадан иборат ва тавба қилиш учун нималар қилиш керак?
Уламолар айтадиларки, тавба қилишлик истоғфордан кўра зиёдароқ амал. Баъзилар ўйлагандек фақатгина тил билан истиғфор айтиб қўйишнинг ўзи эмас экан. Балки истиғфордан ташқари қўшимча ва зиёда амал бор. Чунки Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:
وَأَنِ اسْتَغْفِرُواْ رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُواْ إِلَيْهِ
“Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар.” (3-оятдан)
Аллоҳ таоло бандаларни чин тавба қилишга чорлар экан, бунинг эвазига остидан анҳорлар оқиб тургувчи жаннатни ваъда қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга насуҳ (холис) тавба қилинглар! Шоядки Раббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса”. (Таҳрим. 8)
Оятдаги “насуҳ” калимасини муфассирларимиз турли тафсир қилганлар.
صادقة عن الأخفش رحمه الله. وقيل : خالصة. يقال : عسل ناصح إذا خلص من الشمع.
Имом Насафийнинг “Мадорик…” тафсирларида “рост тавба” ва “холис” деб келган. Шунингдек ўша “Тавбайи насуҳ”ни ибн Аббос разияллоҳу анҳумо “У тил билан истиғфор атишлик, юракдан надомат қилишлик ва комил имон ила амалда тарк қилишлик” деганлар:
وعن ابن عباس رضي الله عنهما : هي الاستغفار باللسان والندم بالجنان والإقلاع بالإركان. (تفسير النسفي)
Аллоҳ таоло жаннатни ваъда қилса-да, жаннатни даъво қилаётган бандалар нима сабабдан тавба эшиклари сари юзланишмайди?
Ҳали эрта деса, эртанги кунда яшашликка қўлида ҳужжати йўқ. Ёки ушбу оятни далил қилурларми:
َبِّئْ عِبَادِي أَنِّي أَنَا الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
“Бандаларимга хабар бер: «Албатта, Менинг Ўзим Ғафур ва Раҳимдирман”. (Ҳижр. 49)
Унда нима учун кейинги оятга қарамайди:
وَ أَنَّ عَذَابِي هُوَ الْعَذَابُ الأَلِيمَ
“Ва, албатта, азобим аламли азобдир”. (Ҳижр. 51)
Баъзилар кичкина гуноҳарни енгил санаб ўша гуноҳларда бардавом бўлади. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
إياكم ومحقرات الذنوب فإنهن يجتمعن على الرجل حتى يهلكنه )رواه أحمد ، صحيح الجامع
“Гуноҳларни ҳақир кўришдан сақланинг. Чунки улар кишига жамланиб, уни ҳалок қилишгача боради”
عن أنس رضي الله عنه قال : ( إنكم لتعملون أعمالاً هي أدق في أعينكم من الشعر ، كنا نعدها على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم من الموبقات )
Анас разияллоҳу анҳу айтганлар: “Бизлар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳалок қилгувчи деб ҳисоблаган гуноҳларимизни сизлар кўзларингизда толадан ҳам кўра кичикроқ деб биласизлар”.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ