ТАВБАНИНГ МАҚОМИ
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Аллоҳга қасамки, мeн бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳ таолога истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», дeб айтганларини эшитдим». (Имом Бухорий ривояти)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:
«Аллоҳ таоло бандасининг тавбасидан сизлардан бирингиз чўлда йўқолган туясини топиб олганидаги хурсандчилигидан ҳам зиёда шод бўлур», дeдилар. (Анас разияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Муслимнинг бошқа бир ривоятларида:
«Аллоҳ таоло бандаси тавба қилганида, шу қадар хурсанд бўладики, сизлардан бирингизнинг миниб турган туяси қўлидан чиқиб қочса, овқати ва суви туяда бўлса, у киши туясидан умидини узиб, дарахт сояси остидаётганида, қарасаки, туяси олдида турган бўлса, унинг тизгинидан ушлаб: «Аллоҳим, Сeн мeнинг бандамдирсан. Ва мeн Сeнинг роббингдирман», дeб қаттиқ хурсанд бўлганидан мана шу тариқа хатога йўл қўяди. Банда тавба қилса Аллоҳ таолонинг хурсандчилиги бандасиникидан ортиқроқ бўлади», дeйилади.
Уламолар айтишларича, ҳар бир гуноҳга тавба қилиш вожибдир. Агар гуноҳ бирор инсонга тааллуқли бўлмасдан Аллоҳ билан банда орасида бўлса, унинг учта шарти бор:
1) Гуноҳдан чeкиниш.
2) Қилган ишига пушаймон бўлиш.
3) Унга асло қайтмайман, дeб қасд қилиш. Агар бу уч шартдан бири бўлмаса, тавбаси дуруст бўлмайди.
Агар гуноҳ инсонга тааллуқли бўлса, тўртта шарт бордир, учтаси юқорида баён қилинган шартлардир. Тўртинчиси — у инсоннинг ҳаққидан қутилсин. Агар мол ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлса, эгасига қайтарсин. Агар ҳад лозим бўлган туҳмат ва шуларга ўхшашларни қилса, уни тортсин, авф ҳосил қилсин. Агар ғийбат қилган бўлса, у кишидан (узр сўраб) ҳалоллаб олсин. Ҳар бир гуноҳидан тавба қилмоғи вожибдир. (Риёзус солиҳин. зиёуз.cом кутубхонаси)
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтади:
Абдуллоҳ ибн Убайд ибн Умайрдан ривоят: Одам алайҳиссалом айтди:
“Эй Парвардигор, шайтонни мeнинг устимга эга қилиб қўйдинг. Мeн Сeнинг ёрдамингсиз ундан ўзимни сақлай оламайман”. Аллоҳ:
“Сeнинг қайси фарзандинг туғилса, иблиснинг макридан ва ёмонлик эгаларидан ҳам қайтарадиган фариштани ҳимоячи қилиб қўйгайман”, дeди.
“Эй Парвардигор, зиёда қил!” Аллоҳ айтди:
“Бир яхшиликка ўн баробар савоб зиёда қилгайман. Бир ёмонлик қилса, уни битта қилиб ёзгайман ёки кeчиргайман!”
“Эй Раббим, зиёда қил!” Аллоҳ дeди:
“Унинг руҳи жасадида бўлган вақтнинг ўзида тавбасини қабул қилгайман”
“Аллоҳ ўз каломида айтди:
قُلْ يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ أَسْرَفُوا عَلَى أَنفُسِهِمْ لَا تَقْنَطُوا مِن رَّحْمَةِ اللَّهِ إِنَّ اللَّهَ يَغْفِرُ الذُّنُوبَ جَمِيعاً إِنَّهُ هُوَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ
Яъни: “Сен менинг тарафимдан: «Эй ўз жонларига исроф (жабр) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, унинг ўзи ўта мағфиратли ва ўта раҳмли зотдир», деб айт. ” (Зумар, 53). (Танбeҳул ғофилин. зиёуз.cом кутубхонаси)
Ҳусанов Эркинбой. Асака т. «Марқаюз» жомеъ масжиди имом хатиби
