Тил офатлари энг катта офтлардандир. Балки барча офатларнинг эшиги ҳамдир. Ҳадиси қудсийда шундай насиҳат бор:
“Эй Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди.
Эй Одам фарзанди! Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан.
Эй Одам фарзанди! Тилинг шер (каби)дир. Агар уни қўйиб юборсанг, сени ўлдиради. Сенинг ҳалокатинг тилингни қўйиб юборишингдадир”.
Расул акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
…وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ (رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ).
“Кимки Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши гапларни гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).
Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Мен:
- Эй Аллоҳнинг расули! Менга мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг, – дедим.
- Сен буюк нарса ҳақида сўрадинг, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. – Бироқ у Аллоҳ енгил қилган кимса учун осондир. Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмай ибодат қиласан. Намозни барпо қиласан. Закотни адо қиласан. Рамазонда рўза тутасан. Байтга ҳаж қиласан. – Сўнг сўрадилар: — Сени яхшилик эшикларига далолат қиайми? Рўза – қалқондур. Садақа – сув ўтни ўчиргани каби хатоларни ўчиради, кишининг тун қўйнида ўқиган намози ҳам.
Сўнг Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилдилар:
تَتَجَافَى جُنُوبُهُمْ عَنِ الْمَضَاجِعِ يَدْعُونَ رَبَّهُمْ خَوْفاً وَطَمَعاً وَمِمَّا رَزَقْنَاهُمْ يُنفِقُونَ * فَلَا تَعْلَمُ نَفْسٌ مَّا أُخْفِيَ لَهُم مِّن قُرَّةِ أَعْيُنٍ جَزَاء بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас”. (Сажда, 16-17)
Сўнг яна сўрадилар:
- Сенга ишларнинг боши, устуни ва энг юқори ўркачининг хабарини берайми?
- Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули! – дедим.
- Ишларнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юқори ўркачи – жиҳод. Энди улурнинг ҳаммасига эга бўлишнинг хабарини берайми?
- Ҳа, Эй Аллоҳнинг расули!
Тилимни ушладилар. Сўнг:
- Буни ўзингдан тийиб ол! – дедилар.
- Эй Аллоҳнинг расули! Бизлар гапирган сўзларимиздан ҳам ушланамизми?
- Онанг сени йўқотиб қўйгур! Инсонлар дўзахга юз тубан бўлиб (ёки “бурунлари ишқаланиб” дедилар) йиқилишлари ҳам тилларининг “маҳсули” эмасми? – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам”.
Эркинжон Ҳусанов. Асака туманидаги “Марқаюз” жоме масжиди имом-хатиби
