Тиланчилик қилгандан кўра

Ансорлардан бир киши келиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан егулик сўрганларида:

  • Уйингда бирор нарса йўқми? – деб жавоб берганларлар. Ансорий:
  • Намат бор – бир қисмини ёпиниб, бир қисмини тагимизга тўшаймиз. Яна бир дона коса бор – сув ичиб турамиз, – деб жавоб берди.
  • Уларни менга олиб кел, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Олиб келгач қўлларига олиб туриб:
  • Мана буларни ким сотиб олади? – дедилар.
  • Мен бир дирҳамга сотиб оламан! – деди бир киши.
  • Мен икки дирҳамга сотиб оламан! – деди бошқаси.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўшанга сотиб икки дирҳамни олдилар ва ансорийга бериб:

  • Бир дирҳамга аҳлинг учун егулик сотиб ол, яна бир дирҳамига эса болта сотиб олиб менга олиб кел, – дедилар. Олиб келган эди Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари унга ёғочдан соп қилиб бердилар. Сўнг:
  • Бор, ўтин қил. Ўн беш кунгача мен сени кўрмай! – дедилар. Ансорий Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтганларини қилди. Бу вақт мобайнида ўн беш дирҳам фойда қилиб, бир қисмига озиқ овқат, қолганига кийим кечак сотиб олди.
  • Мана бу ишинг қиёмат кунида сўраганларинг юзингга доғ бўлганидан кўра яхшироқдир, – дедилар Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Улуғбек қори Йўлдошев