Тилингни тийсанг

Билинг, албатта ҳар бир оқил киши тилини барча нолойиқ сўзлардан сақламоғи лозим. Фақатгина манфаат бўлгандагина гапириши лозим. Гапириш ва гапирмасликдаги манфаат баробар бўлиб қолганда, гапирмасдан тилни тиймоқ суннат амалдир. Чунки гоҳида мубоҳ сўзлар ҳам ҳаром ёки макруҳ сўзларга олиб боради. Бу эса ҳалокат сари етаклайди. Одатда кўпинча шунақа ишлар бўлади. Омон қолишни эса бирорта нарсага алмаштириб бўлмайди.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон кeлтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Бу ҳадис агар яхшилик бўлсагина гапирмоқ лозимлигини кўрсатмоқда. Агар гапида манфаат бўлмаса, сўзламаслиги лозим.

Абу Мусо ал-Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

“Эй Аллоҳнинг расули! Мусулмонларнинг қайси бири афзал?» дeб сўрадилар. Ул зоти бобаракот:

“Мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлгани”, дeб жавоб бердидилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Ҳадиси қудсийда шундай дейилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар, эртаю кеч Унга тасбеҳ айтинглар.

Эй  Мусо  ибн  Имрон,  эй  баён  қилувчи  Зот!  Сўзларимни  эшит!  Мен  мукофот  берувчи подшоҳдирман. Мен билан сенинг ўртангда таржимон йўқ. Рибо еювчи кишига Раҳмоннинг ғазаби ва дўзахнинг зиёда азоби бўлсин.

Эй Одам фарзанди! Агар қалбингда ғашлик, баданингда беморлик, ризқингда маҳрумлик,  молингда камчилик топсанг, демак, билгинки, сен бефойда нарсани(кўп)гапирибсан. 

Эй Одам фарзанди! Тилингни тўғри қилмагунингча, дининг тўғри бўлмайди. Роббингдан ҳаё қилмагунингча, тилинг тўғри бўлмайди.

Эй Одам фарзанди! Агар ўз айбингни унутиб, одамларнинг айбига назар солсанг, унда сен шайтонни рози қилиб, Раҳмоннинг ғазабини келтирибсан.

Эй  Одам фарзанди! Тилинг шер(каби)дир.  Агар  уни  қўйиб  юборсанг,  сени ўлдиради.  Сенинг ҳалокатинг тилингни қўйиб юборишингдадир».

Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:

  • Эй Аллоҳнинг расули! Бир ой рўза тутаман, бошқа зиёда қилмайман. Беш маҳал намоз ўқийман, ундан зиёда қилмайман. Молимдан Аллоҳ таоло йўлида садақа ва эҳсоним ҳам йўқ. Мен вафот қилсам қаерда бўламан?
  • Жаннатда, – дедилар Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
  • Сиз биланми, Эй Аллоҳнинг расули? – сўради у.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам табассум қидилар ва:

  • Ҳа. Мен билан бўласан. Агар қалбингни икки нарсадан – кин ва ҳасаддан сақласанг, тилингни икки нарсадан – ғийбат ва ёлғондан сақласанг, кўзингни икки нарсадан – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсадан ва мусулмонни пойлашдан сақласанг ўша икки хотиржамлик ила мен билан жаннатга кирасан, – дедилар.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби

Фойдаланилган манбалар: Риёзус солиҳийн. Ва Қирқ ҳадиси қудсий. ziyouz.com кутубхонаси