У мендан кўра сахийроқ

У мендан кўра саҳийроқ
Абдуллоҳ ибн Жаъфар чорбоғига кетаётиб, бир хурмо дарахтининг ёнида тўхтади. Ҳабаш қул бола дарахтга чиқиб меваларини тераётган эди. У хизмати эвазига уч дона нон олди. Шу пайт бир ит келиб қолди. Бола қўлидаги ноннинг биттасини итга берди. Ит уни еди. Сўнг иккинчисини берди. Ит уни ҳам еди. Учинчисини ҳам бериб юборди.
Абдуллоҳ қараб туриб савол берди:
— Ҳой болакай! Кунига қанча иш ҳақи оласан?
— Нега сўраяпсиз? – деди болакай.
— Нега итни ўзингдан афзал кўрдинг?
— Бизнинг маҳалламизда ит йўқ эди. Ўйлашимча бу ит узоқ масофадан оч-наҳор келганга ўхшаяпти. Шунинг учун қуруқ қайтаргим келмади.
— Бугун нима қиласан, энди?
— Бугунча овқат емай қўяқоламан.
— Аллоҳга қасамки, у мендан кўра сахийроқ экан! – деди Абдуллоҳ ибн Жаъфар ва ўша хурмо билан болани сотиб олди. Сўнг Аллоҳ йўлида озод қилиб борди. Хурмони болага эҳсон қилди.

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан таржима қилинди.
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
Асака туман бош имом хатиби