Улуғ дуо

Банда доимо дуога муҳтож. Агарчи худосиз даҳрий бўлса ҳам, бошига кулфат тушганда ўз-ўзидан дуога машғул бўлиб қолади. Шунингдек давраларда ўзаро тилак билдиришади, шунинг ўзи ҳам дуо эмасми?
Мўмин бандалар эса дуони ибодат деб биладилар. Чунки дуо айнан ибодатдир.
Маълумки, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларга дуо қилиш таълимини ҳам берган. Хусусан “Фотиҳа” сураси ҳам ушбу таълимотни ўз ичига олган. Бундан ташқари ҳам кўп дуолар суралар ораларида келади. Шулардан бири ушбу машҳур дуодир:
رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
Яъни: “Эй Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин”. (Бақара. 201)
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ: «Ушбу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ӯзида жамлаб, ёмонликларни четлатган», деганлар.
Ибн Абу Ҳотим Абу Толутдан қилган ривоятда бундай дейилади: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг ҳузурида эдик. Собит у кишига: «Биродарларингиз дуо қилишингизни сӯрашяпти», деди. Шунда Анас ибн Молик «Роббанаа аатинаа…» ни ӯқидилар.
Бир муддат гаплашиб ӯтирдилар. Турмоқчи бӯлишганда: «Эй, Абу Ҳамза, биродарларингиз туришмоқчи, уларни бир дуо қилсангиз», деди.
Шунда Анас ибн Молик: «Сизларга ишларни майдалаб беришимни хоҳлайсизларми?! Агар Аллоҳ сизга бу дунё ва охиратнинг яхшилигини бериб, дӯзахнинг азобидан сақласа, яхшиликнинг ҳаммасини берган бӯлади-ку», деди.
Бу оят тафсирида деярли барча тафсирчилар мана шу икки ривоятни келтирадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ӯзлари ҳам ушбу дуони кӯп ӯқир эдилар.
Бу дуо вақт, жой ёки вазиятдан қатъий назар, ҳар қандай ӯринда, ҳар қачон ӯқилса бӯладиган дуодир. Ва энг муҳими, бу дуо айнан мусулмонларнинг дуосидир. Зеро, Ислом дини бу дунёни ҳам, охиратимизни ҳам обод қилишга буюрган.
Ҳақиқий мӯмин-мусулмон бу дунёсини обод қилиш учун шариат рухсат берган даражада жидду жаҳд қилиб, жамиятнинг фаол бир аъзосига айланиб, дин, эл-юрт, маҳалла-кӯй, қавм-қариндошлар қайғуси билан яшайди. Чунки, Исломда таркидунёчилик йӯқ .

Мамадалиев Раҳматулло. Асака т. «Муҳиддин саҳҳоф» жоме масжиди имом-хатиби