УМР ЎМОҚДА

Умримиз тобора ўтиб бормоқда. Шунча йил умр кўрганимиздан хурсанд бўламиз-у, бизга берилган имкониятдан шунчаси қўлдан кетди, демак манзил сари яна-да оз фурсат қолганини эсламаймиз. Ўткинчи ҳаётда нима қила олдик? Бизда нима қолмоқда?
Шоир айтганидек:
Эсиз, болаликни қолдириб ортда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қолдириб-қолдирмай из бу ҳаётда,
Умр ўтмоқдадир дарё мисоли.
Қуръони каримда инсон умри бекорга берилмагани қайта-қайта айтилган. Уни беҳуда ишлар, кўнгилхушликлар ва бекорчилик, дангасалик ва тамбаллик билан зое қилиш учун эмас, балки, хайрли амаллар, фойдали ишлар, элу юртга манфаат келтирадиган, охират учун захира бўладиган буюк ишларни амалга ошириш учун берилган қимматли фурсат экани таъкидланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
﴿الَّذِي خَلَقَ الْمَوْتَ وَالْحَيَاةَ لِيَبْلُوَكُمْ أَيُّكُمْ أَحْسَنُ عَمَلًا وَهُوَ الْعَزِيزُ الْغَفُورُ﴾
яъни: “У сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир. У Азиз (қудратли) ва Ғафурдир” (Мулк сураси, 2-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
مَنْ عَمَّرَ سِتِّينَ سَنَةً أَوْ سَبْعِينَ سَنَةً فَقَدْ عُذِرَ إِلَيْهِ فِي الْعُمُرِ (رواه الامام احمد عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ)
“Аллоҳ таоло кимга олтмиш йил ёки етмиш йил умр берган бўлса, батаҳқиқ унга умр тўғрисида узр қолдирилмайди” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Яъни, Аллоҳ таоло ушбу узун муддатли умрни унга муҳлат қилиб бериш билан охиратда унинг узр айтишига ва ўзини оқлашига бирон бир баҳона қолмаган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:
لَا تَزُولُ قَدَمَا عَبْدٍ يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُسْأَلَ عَنْ أَرْبَعٍ عَنْ عُمْرِهِ فِيمَا أَفْنَاهُ وَعَنْ عِلْمِهِ مَا عَمِلَ بِهِ وَعَنْ مَالِهِ مِنْ أَيْنَ اِكْتَسَبَهُ وَفِيمَا أَنْفَقَهُ وَعَنْ جِسْمِهِ فِيمَا أَبْلَاهُ (رواه الامام الترمذي عن أبي بردة رضي الله عنه)
“Банда қиёмат куни тўрт хислатидан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди; умрини нима билан ўтказгани, ўрганган илмига қандай амал қилгани, мол-дунёни қай йўсинда топганию нималарга сарфлагани ва жисмини нимага фидо қилганидан сўралади” (Имом Термизий ривоятлари).
اغْتَنِمْ خَمْسًا قَبْلَ خَمْسٍ: شَبَابَكَ قَبْلَ هِرَمِكَ، وَصِحَّتَكَ قَبْلَ سَقَمِكَ، وَغِنَاءَكَ قَبْلَ فَقْرِكَ، وَفَرَاغَكَ قَبْلَ شُغْلِكَ،
وَحَيَاتَكَ قَبْلَ مَوْتِك) رواه الإمام الحاكم عن ابن عباس رضي الله عنهما(
“Сиз беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: қариликдан аввал ёшлигингизни, касал бўлишдан аввал саломатлигингизни, фақирликдан аввал бойлигингизни, бир ишга машғул бўлмасдан аввал бўш вақтингизни ва ўлимингдан аввал ҳаётингизни”, – дедилар (Имом Ҳоким ривоятлари)
Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда…
Кексалик мўралаб эшик қоқмоқда,
Болалик қайтадан қайтарилмоқда…
Дунёга машҳур алломалар умрининг ҳар бир онини ғанимат билган. Вақт ҳам уларга шундай буюкликни инъом қилди. Аксари уламоларнинг ҳаётига назар солар эканмиз, жуда ҳам қисқа умр кўрганликларининг гувоҳи бўламиз. Менинг ёшимда вафот этган имом Муслим неча юз минг ҳадисни ровийлари билан ёд олган. Шубҳасизки ўша ровийларнинг номинигина эмас, балки ҳаёт йўлларини ҳам ўрганган. Мен шу ёшга қадар нима қила олдим?
Нававий қирқ беш йил умр кўрган. Шу давр мобайнида беш юз китоб таълиф қилган.
Муҳаддислар султони Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) илм сирлари билан қизиқиб, дунё кезиб, олтмиш мингдан зиёд ҳадис тўплаганида, эндигина 16 ёшдан ошганди. Шунингдек, у зотнинг қисқа 63 йиллик умри мобайнида амалга оширган ишлари бутун умрига таққос¬ланса, 63 йилдан ҳам бир неча баробар ортади.
Ибн Жавзий (раҳимаҳуллоҳ) оламдан ўтгач, барча илмий ишлари яшаган кунларига бўлин¬га¬нида, кунига 11 бетдан тўғри келган экан. Бу дегани, ҳаёти давомида тайёр ишни кўчириш эмас, балки ўзининг меҳнати билан ҳар куни 11 бетдан асар ёзи¬ш керак.
Ибн Ҳазм (раҳимаҳуллоҳ)нинг барча китоблари ёниб кетади. Шунда у зот уларнинг ҳаммасини ёд¬дан айтиб берганлар.
Имом Қатода (раҳимаҳуллоҳ) бир туя китобни ёд олганлар.
Имом Шаъбий (раҳимаҳуллоҳ): “Оқ нарсага ёзилган ҳар бир нарсани ёд олдим”, деганлари ривоят қилинади.
Ҳиндистон диёрида яшаган ҳазрат Ашраф Али Таҳонавий (раҳимаҳуллоҳ) қисқа умри да¬во¬мида бир ярим минг китоб ёзадилар. Шунингдек, ўзидан кейин кўпгина муршид ва валий даражасига эришган шогирдлар ҳам қолдирганлар. Ана баракали, узоқ ва сермазмун умр.
Имом Ибн Жарир Табарий Қуръони каримни 30 минг вароқ тафсир қилишни қасд қилиб, асҳобларига: “Қуръонни тафсир қилишда ҳаракат қилмай¬сиз¬ла¬рми?”, деганида, улар: “Бу иш ниҳоясига етмасданоқ, умрлар ўтиб кетади”, дейишди. Шунда аллома тафсирларини 3 минг вароқ атрофида қисқартиради. Шунингдек, Одам (алайҳиссалом)дан бошлаб, ҳозиргача бўлган тарихни ҳам 30 минг вароқ ёзишни қасд қилганида, улар юқоридаги гапни такрорлашди. У зот: “Албатта, биз Аллоҳ¬никимиз, ғайрат-интилиш ўлди” дея уни 3 минг вароққа қисқар¬тирганлар.
Имом Хатиб (раҳимаҳуллоҳ) Самсимий бундай деганини эшитадилар: “Ибн Жарир қирқ йил атрофида ҳар куни қирқ вароқ китоб ёзарди”. У зот (224–310 – 86 йил) ҳаёти давомида ёзиб қолдирган китоблари 358 минг вароқни ташкил қилади. Агар балоғатгача бўлган ёшини тахминан, 14 йил деб эътиборга олиб, уни 86 дан айирсак, 72 йил қолади. Шунда, у зот умрининг ҳар бир кунида 14 вароқдан китоб ёзгани келиб чиқади. Шундай қилиб, у зотнинг балоғат ёшидан ташқари, яъни 72 йил умрини 14 га кўпайтирсак, тасниф қилган китоблари мажмуаси келиб чиқади.
Бизлар нима қилмоқдамиз?
Бор-йўғи қилган ишимиз мусулмонларга адоват қилиш, фитна уруғини сочишми?
Бир-биримизнинг орқамиздан пойлаб, гўё ўзимиз фариштадекмиз-у, бошқалар маъсиятга ботиб кетгандек!
Ҳатто Аллоҳнинг Каломини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўз манфаатларимизга зўраки далил қилмоқдамиз.
Денгиздай мавж уриб, қирғоқдан тошиб,
Юрар йўлимиздан бирда адашиб;
Ким биландир зимдан мансаб талашиб
Умр ўтмоқдадир, умр ўтмоқда.
(Тўра Сулаймон)
Ҳасан Басрий айтади:
«Ҳар кун тонг ёришганда Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: «Эй, Одам боласи! Мен янги кунман. Сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан бу кунда солиҳ амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен то Қиёматгача сенга қайтмайман!» — деб жар солади.

Улуғбек қори Йўлдошев