Оналар ўз номига муносиб бўлса

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт қилиб яратди. Аёл зотини эса эркакларга жуфти ҳалол ва ором-сакинат, фарзандлар тарбиячиси қилиб қўйди. Оилада турмуш ишларининг кўп қисми улар зиммасидадир.
Аёл – бизнинг онамиз, қолаверса жуфту ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Шундай экан аёл зотига муносабатда бўлар эканмиз, у бизнинг никоҳимиздаги ҳалолимиз бўладими, кўчадаги бегона бўладими, бизнинг онамиз ҳам шулар каби аёл эканлигини унутмаслик керак.
Алишер Навоий ҳазратларининг ушбу сўзлари бор:
“Жаннат равзасию боғлари оналар оёғи остидадир, лекин равзани кўрмоқ ва ундан баҳраманд бўлмоқ бахтига эришмоқни истар бўлсанг, оналар оёғи остида тупроқ бўлишни ихтиёр қил”.
Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши баробарида, оилада у ўз ҳақ-ҳуқуқига ҳам эга эканлиги айтилган.
Саҳобалар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:
“Зиммамизда хотинларимизнинг қандай ҳақлари бор?”
Жаноб саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Еганингизда уни ҳам едирмоғингиз, кийганингизда кийдирмоғингиз, юзига урмаслик, қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилмаслик, аразлашганда уйдан чиқмаган ҳолда ўринни бошқа қилиб ётмоқлик”.
Она ана шундай улуғ зот. Агар уни рози қилмасак ва қадрламасак, инсон, деган номга хиёнат қилиб, Тангрининг қаҳрига йўлиқамиз.
Аёл киши жамиятнинг ажралмас бир бўлаги экан, у ижтимоий ҳаётда ўз мавқеига эга бўлиб, илм олишга, касб-ҳунар қилишга ҳақлидир. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга улар ўз шаънларини ва иффат иболарини ҳам муҳофаза қилмоқликлари лозим.
Кўҳна Шарқ аёли ҳаёси ва иффати билан бутун дунёни лол қолдириб келган. Ўтмишимизда ҳам жасур ва йўлбошчи аёллар кўп бўлган. Ўз ғайрати ва салоҳияти билан не-не эркакларни доғда қолдирган аёллар ҳақида кўп эшиттанмиз. Бундай аёллар ҳар қандай шароитда ҳам одоб чегарасини бузишмаган, ҳаёсини сақлаганлар. Бундай аёллар тарбиясини олган қизлар ҳаёли, назокатли ва садоқатли бўлиб вояга етишган.
Номус ўлимдан кучли, деган накдга амал қилинган. Аёл эри ва унинг қариндош-уруғларига ўта хушмуомала бўлган, уларнинг юзига тик боқмаган. Шунингдек, қиз бола ҳам отаси, ҳам акалари билан мулойим, секин сўзлашган. Нафақат муомалада, балки юриш-туришда, кийинишда ҳам қизлар одоб, ҳаё чегарасидан чиқмаганлар.
Афсуски, олмон маданиятига тақлид қилиш туфайли чиройли урф-одатларимизнинг айримлари унутилди. Қиз боланинг кўча-кўйда очиқ-сочиқ кийиниши табиий бўлиб қолмоқда.
Бугунги кунда шу нарса урф экан, деб хоҳлаганича юриш мантиққа ҳам, шариатга ҳам, соғлом дунёқарашга ҳам зиддир. Аммо афсуслар бўлсинки, шунчалик иффатли аёллар кўп бўлса-да, юриш-туришида охиратни унутиб қўйган аёллар ҳам кам эмас. Улар юқорида биз шарафлаган мўътабар зотлар эканини унутмаслиги керак. Ҳаргиз эсдан чиқармаслик керакки, улар – оналар! Оналар ўз номига лойиқ бўлишлари керак.
Зеро Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам жаннат оналарнинг оёқлари остида эканлигини айтган бўлсалар улар ўша жаннатга қадам қўйгувчи оёлар соҳибаси бўлиши керак. Бўлмасам, шу ҳаёсиз аёлнинг оёқлари остиданми, истасак жаннатни?!
Ҳа, оналар ўз номига муносиб бўлса.

Ҳусанов Эркинжон. Марқаюз жомеъ масжиди имом хатиби. Асака