Улар ўзаро биродардурлар
Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу халтачага тўрт юз динор солиб хизматчисига айтди:
— Буни Абу Убайда ибн Жарроҳга олиб бор. Сўнг ўша жойда бир оз кутиб тур-чи, у буни нима қилар экан.
Хизматчи Абу Убайдага олиб бориб берди ва:
— Мўминларнинг амири айтди, буни ўз ҳожатларингизга ишлатар экансиз, – деди.
— Аллоҳ унга марҳамат қилсин! – деди Абу Убайда. Сўнг жориясини чақириб, – Бу ёққа кел! Фалончига манави етти динорни олиб бориб бер. Манави беш динорни эса, фалончига олиб бор! – деб шу зайлда барча пулларни тарқатиб юборди.
Хизматчи Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг ҳузурига қайтиб бориб кўрганларини айтди. Умар разияллоҳу анҳу яна шунча пул бериб Муъоз ибн Жабалга жўнатди. Бу сафар ҳам ўша гапни тайинлади. Муъоз разияллоҳу анҳу ҳам бор пулни тарқатиб юбораётган эди, хотини чиқиб:
— Аллоҳга қасамки, бизлар ҳам мискинлармиз. Бизга ҳам беринг, – деб қолди. Қараса халтачада икки динор қолган экан, хотинига берди.
Умар разияллоҳу анҳу бу ишлардан қаттиқ севиниб кетди ва:
— Улар ўзаро биродардурлар! – деди.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(“Қабасот”дан)
