Ватанимиз тарихидаги олтин давр намоёндалари

Барча оламлар парвардигори жаноби Ҳақ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин ҳамда у Зотнинг суюкли пайғамбари бўлмиш Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга дуруду саломларимиз бўлсин.

Инсоният тарихи, хусусан исломият тарихига назар солинса 9-12 асрлар мобайнида етишиб чиққан диний ва дунёвий илм эгалари, уламолар, устозлар ва улуғ алломалар саноқ жихатидан аввалги ва кейинги асрлардагига нисбатан кўплиги ва бу инсонлар бизнинг диёримиздан, хусусан, ватандошларимиз орасидан қадимда Хуросон, ҳозирда эса Туркистон деб англашиладиган  ватанимиздан етишиб чиқишлари биз каби авлодларнинг фахрланиб, уларни эслаб, меросларини ўрганишимиз, бундай зотларнинг дунёга номлари тарқалишларига уларни тарбия олган манбалари, хусусан, муқаддас Ислом динимиздаги илм олишликка бўлган даъвати бўлса не ажаб.

Зотан Қуръон каримдаги илк оят, бошқача қилиб айтганда жаноби Ҳақ таолонинг пайғамбарига  илк хитоби “Ўқи!” деган хитоб эди. Яъни илк хитобда инсонлар илм олишга буюрилган.

Бу оятни  жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам   бир қанча ҳадисларида тафсир қилиб, илм олишлик мўмин – мусулмон эркак ва аёл учун фарз эканлигини таъкидлаганлар. Демак бизнинг муқаддас динимиз, Қурони карим ҳамда жаноби Расуллулохнинг ҳадислари орқали бизга илм олиш буюрилганлигига гувоҳ бўламиз.

Шундан келиб чиқиб Ислом етиб келган диёрларда кишиларнинг илмга бўлган ташналиклари ва ҳаракатлари бошка ерлада кузатилмаган даражада кенг миқёсида бўлди. Илм олишлик деганда нафақат диний илм, балки шу дунёда ҳаётимизни ўтказиш учун зарур бўладиган соҳаларни эгаллаш учун дунёвий илмларни ўрганиш ҳам ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Агарда дунёвий илмларни ҳар бир қавмдан бирор киши ўша қавмнинг эҳтиёжи даражасида билмаса, бутун қавм Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлади.

Айтайлик, бир қишлоқда бир  табиб зарурати бор. Ана шу қишлоқ аҳолисидан бир табиб чиқмас экан, шу қишлокда бирор касаллик билан биров вафот этса, бутун қишлоқ Аллоҳ олдида гуноҳкор бўлади.

Демак, ҳар бир соҳада мусулмонларнинг ўзларининг вакилларидан катта билимдонлар бўлишлиги динимиз томонидан буюрилган ишки, Аллоҳ таолони назари тушган ушбу диёрда яшаган бизнинг буюк ватандошларимиз Аллоҳнинг шу буйруғини бошқа жойлардаги кишиларга нисбатан яхшироқ англаб етганлар ва амал қилганлар. Шунинг учун ҳам биз бутун дунё таниган Имом Бухорий, Насафий, Имом Термизий каби ҳадис тафсир уламолари ҳамда Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд Замахшарий, Абу Наср Фаробий, Абу Али ибн Ибн сино каби ҳозирга қадар оламга устозлик қилиб турган илм фан уламолари ўша даврнинг мевалари бўлиб,  динимизнинг ўша буйруқларига лаббай деб жавоб берган  кишилар қаторида тарихда қолдилар.

Навбатдаги мақола туркумида хадислар султони Имом Ал-Бухорий хазратлари хаётидан маълумотлар тақдим қиламиз.