Хотиржамлик қадри

Тинчлик ва хотиржамлик бандага Аллоҳ таоло этган неъматларнинг улуғларидандир. Лекин инсонлар неъматнинг қадрини кўп ҳам билавермайди. Аксарият инсонлар неъматнинг қадрини ўша неъмат завол топгандагина англайди. Қаҳрамон шоиримиз айтганидек:
Очилгали кўз шартми экан тошга бош урмак,
Сўнг кўзни яшурмак,
Не ўй била нодон тошига бош урадирсан,
Не наф кўрадирсан?
(Э. Воҳидов)
Шунинг учун Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам неъматни қадри ҳақида шундай деганлар:
» نِعْمَتاَنِ مَغْبُونٌ فِيهِمَا كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ ، اَلصِّحَّةُ وَ الْفَرَاغُ »
“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У –сиҳат-саломатлик ва хотиржамлик ”.
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.
Мустақиллик шарофати билан миллатимиз, халқимиз шаъни, қадр-қиммати, ғурур-ифтихори, маънавияти ва миллий қадриятлари қайта тикланди. Мустабид тузумнинг турли даврларида қатағон қилинган, қатл этилган юзлаб юртдошларимиз, Ватанимизнинг фидойи фарзандлари хотираси абадийлаштирилди, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Бундай савобли ва хайрли ишлар бугунги кунда ҳам давом эттирилмоқда.
Улуғ неъмат — мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим.
Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгариш ва воқеалар хусусида, уларнинг асл сабабларини тушунтириш ишларини олиб боришда барчамиз масъуллигимизни доимо хис этишимиз керак.
Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир.
Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. «Икром ҳожи» жоме масжиди имом хатиби
(Жума тезисларидан фойдаланилди)