Коронавирус. Хотиржамлик дегани лоқайдлик эмас

Коронавирус эпидемияси ҳозиги кунда кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб турибди. Бу жаҳон ҳамжиятчилигининг асосий глобал муаммоларидан бири сифатида оммани ташвишга солмоқда.
Мўмин-мусулмон инсон бундай вазиятда эпидемияга қарши қандай муносабатда бўлиши керак?
Бундай ҳолатларда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чора тадбирларини кўради. Вабо ва шу каби тез тарқаладиган касалликлар чиққан жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббий соҳа вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. Ибодатлар ва истиғфор кўпайтирилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
إِنَّ هَذَا الْوَبَاءَ رِجْزٌ أَهْلَكَ اللَّهُ بِهِ الْأُمَمَ قَبْلَكُمْ وَقَدْ بَقِيَ مِنْهُ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ يَجِيءُ أَحْيَانًا وَيَذْهَبُ أَحْيَانًا فَإِذَا وَقَعَ بِأَرْضٍ فَلَا تَخْرُجُوا مِنْهَا وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِهِ فِي أَرْضٍ فَلَا تَأْتُوهَ (رواه الامام احمد عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ رضي الله عنه)
“Албатта, бу вабо – Аллоҳ у билан сиздан аввалги қавмларни ҳалок қилган азобдир. Ер юзида ундан бир ози қолган. Гоҳида келади, гоҳида кетади. Агар бир ерда вабо пайдо бўлса, у ердан чиқиб кетманглар. Агар бир ерда вабо борлигини эшитсангиз, у ерга борманглар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни маҳалла ва оила масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишининг бошида коронавирус муаммосига тўхталиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидлаб, халқимизга шундай мурожаат қилди:
– Бу ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоқда. Муфтият раҳбарлигида диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишмоқда. Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади.
Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир.
Республикамизда коронавирусга қарши тезкор чоралар кўрилмоқда. Мўминлар барча тадбирларда фаол бўлишлари керак. Ортиқча ташвишга ўрин йўқ, бу синовни хотиржам кзатишимиз лозим. Лекин хотиржамлик дегани лоқайдлик дегани ҳам эмас. Балки тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилишлик айни тўғри йўлдир.
Асли бу йўл шариатимиз кўрсатмаси. Доимо таҳоратли юринг! Қўлингизни совунлаб ювинг! Худо хоҳласа соғлом бўласиз.

Муҳаммадқудратбек дадажонов. Асака т. «Ҳолмадодхоҳ» жоме масжиди имом хатиби