Хурофот ва бидъатлар имоннинг кушандаларидандир. Ана шундай хурофотларнинг бири фолбинликдир.
Бу ҳақда имом домлаларимиз қайта-қайта гапирсалар ҳам халқимиз орасида ҳамон фолбинлар тўрига интилаётганлар йўқ эмас. Ҳолбуки, фолбинлик имон учун ва ибодат учун ўта хатарлидир.
Бугунги кунда фолбинларнинг турлари кўпайиб кетди. Улар ўзларини ҳар хил номлар билан атайдилар. Улар ўзларини шунчалар ўраб олганларки, ҳатто авом халқ уларнинг қайси бири фолбину, қайси бири тўғри йўлда шариатга мувофиқ, суннатга мувофиқ дам солгувчи эканликларини ажрата олмайди.
Яхши билишимиз керакки, фолбинлар ғайбнинг даъвосини қилади. Баъзи ишларда фол очади.
Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар.
Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас.
﴿ قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴾ (سورة الأعراف/188 (.
яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди” (Аъроф сураси, 188-оят).
Демак, бу дунёда бирор кимга зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга улар қодир бўлмайдилар. Оятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оддий башар эканлари, ўзлари ва бошқаларга фойда келтира олмасликлари, ғайб илмини билмасликлари таъкидланмоқда.
Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
﴿ هَلْ أُنَبِّئُكُمْ عَلَى مَنْ تَنَزَّلُ الشَّيَاطِينُ تَنَزَّلُ عَلَى كُلِّ أَفَّاكٍ أَثِيمٍ يُلْقُونَ السَّمْعَ وَأَكْثَرُهُمْ كَاذِبُونَ ﴾ (سورة الشعراء/221-223(.
яъни: “(Эй, Муҳаммад! Айтинг): «Мен сизларга шайтонлар (жинлар) кимларга тушиши ҳақида хабар берайми? Улар барча бўҳтончи, гуноҳга ботган (фолчи-ромчи, коҳин)ларга тушурлар. Эшитиб олганларини уларга ташларлар. (Лекин) Уларнинг кўплари ёлғончилардир” (Шуаро, 221-223-оят).
Фолбинларнинг қилаётган ишлари ёлғон ва фирибгарликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳақида Оиша разияллоҳу анҳо ривоят қилиб айтадилар:
سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها).
яъни: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот: “Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар. Ё Расулуллоҳ! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади? – дейишди. Расулуллоҳ: “Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).
Сарварбек Йўлдошев. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди имом хатиби
