Йигирма биринчи асрда кишилик жамияти тараққиётининг жуда кўп эшиклари очилди. Шу билан бирга турли мафкуравий курашлар, ахборот оқимининг суръати ва кўлами ошди, ҳар хил ёвуз кучлар, айниқса, миллат ва жамиятни бўлиб ташлашга, давлат тўнтариши қилишга қаратилган ҳаракатлар янгича тус, шаклу шамойил олиб кучайиб бораётгани сир эмас.
Халқаро террорчилик ҳаракати жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборидаги муҳим муаммолардан биридир. Зеро, бу иллатга барҳам берилмас экан, тинчлик ва барқарорликка путур етаверади.
Муқаддас динимизда зўравонлик, босим ўтказишнинг ҳар қандай кўриниши тақиқланади, халқлар ўртасида эзгулик, бағрикенгликни ва тинчликни мустаҳкамлашга чақирилади.
Ер юзида бузғунчилик ишларини қилиш динимиз таълимотларида қаттиқ қораланади.
Ачинарлиси шуки, ёвуз кимсалар ўзларининг бузғунчиликларини Ислом дини таълимоти билан хаспўшлашга интилмоқдалар. Айни дамда бундай ҳатти-ҳаракатлар ҳақ дин – Исломга нисбатан нохолис фикрлар ва қарашлар уйғотади.
Терроризм балоси билан мустақиллигимизга хавф солишга, юртимиздаги барқарор тинчлик, халқимиз хотиржамлигига путур етказишга уринаётган қабиҳ ниятли кимсалар ўз диққат-эътиборларини ёшларимизга қаратганликлари сир эмас. Зеро, ҳали онги тўла шаклланиб улгурмаган ғўр ёшларга таъсир ўтказиш осон.
Шундай экан, ҳозирги кунда олдимизда турган энг асосий вазифалардан бири – муқаддас динимизнинг соф таълимотини ўсиб келаётган ёш авлодга кенг ва теран англатиш, динимиз терроризм, эксртемизм каби бузғунчиликка мутлақо қарши эканлигини барчага бирдек англатишдир.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туманидаги «Муҳаммадсолеҳ» жоме масжиди имом-хатиби
