Намознинг моҳияти

НАМОЗНИНГ МОҲИЯТИ
Деярли барча мўминлар яхши билсалар-да, сўзимизни ўша машҳур сўзлардан бошлаймиз:
Намоз мўминлар учун энг биринчи навбатдаги фарз амал. Исломнинг биринчи шарти имон, иккинчи шарти намоз бўлса, бизлар, алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Энди биринчи галдаги вазифамиз – намоз.
Намоз нима нарса?
Шунчаки эрмакми ёки ёш ўтиб кексайиб, дадил бир ишга ярамй қолиб, уйда ўтирса ғалва, кўчага чиқса иш йўқ бўлиб қолганда ўзини чалғитиш учун ўқиладиган нарсами?
Йўқ! Намоз Аллоҳ таоло томонидан мўмин бандаларга фарз қилинган амал. Намоз – нажот. Намоз – гуноҳларга тўсиқ. Намоз – Аллоҳ билан бандани боғловчи энг яқин восита. Намоз – гуноҳларга каффорот…
Яна аллақанча давом эттиришимиз мумкин.
Аллоҳ таоло Қурони каримда марҳамат қилади:
قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ * الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ *
“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. (Мўминун. 1-2)
اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ
“Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Анкабут. 45)
Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни, тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбарга (с.а.в.) намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади. (Маъно таржима ва шарҳ quran.uz дан олинди)
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб” китобида (www.ziyouz.com кутубхонаси) шу мавзуда насиҳатлар бор. Жумладан шундай дейилади:
Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг намоз ҳақидаги бир ҳадиси шу мазмундадир:
— Уйингиз олдида лим-лим тўлиб оқаётган дарё ва бу дарёда кунда беш марта ювинувчи уй эгаси қандай бўлса, кунда беш маҳал намоз ўқувчи киши ҳам шундайдир. Кунда беш марта ювинган одамнинг вужудида кир қоладими?
Бу ҳадисни шундай изоҳлаш мумкин:
— Сув инсон вужудини моддий кирлардан тозалайди. Намоз эса инсон вужудини маънавий кирлардан, яъни ёмон феъл-атворлардан ва катта гуноҳлар сирасига кирмайдиган гуноҳлардан тозалайди. Фақат намоз хушу билан ва бажонудил ўқилгандагина шундай натижага эришилади. Хушу ила ва бажонудил ўқилмаган намозлар қабул бўлмайди, фойдасиздир.
Агар намоз ўқиётган одамнинг қалбида — модомики нияти ва мақсади Аллоҳни зикр этиш экан — Аллоҳнинг маҳобати ва қудрати сезилиб турмаса, у ҳолда зикр этишнинг нима аҳамияти бор?
Пайғамбаримиз (с.а.в.) билдирдиларки:
— Агар ўқилган намоз кишини чиркин ҳаракатлардан ва ёмон феъл-атворлардан қайтара олмаса, намоз унинг Аллоҳдан узоқлигини орттиришдан бошқа нарсага ярамайди.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қиладиларки:
— Кишининг қалби ва жисми ҳамжиҳат бўлиб намозда шай бўлмагунча Аллоҳ у намозга қарамайди.
Ҳикоя қиладиларки:
— Намоз вақти келганда Али разияллоҳу анҳу титрар ва ранг рўйи ўзгара бошларди. Ундан: «Эй мўминларнинг амири, сенга нима бўлди?» — деб сўраган чоғларида, шундай дерди:
— Аллоҳ еру кўкларга фарзларини омонатга бермоқчи бўлганида улар қўрқиб олмаган эдилар, мен қабул қилганман… Энди ОМОНАТ (намоз) пайти келди…
Бир кун Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай дедилар:
—Сизларга ўғриларнинг энг каттаси кимлигини айтайми?
Саҳоба сўради:
—Ким у, эй, Аллоҳнинг Расули?
Расул (с.а.в.) айтдилар:
—Намозидан ўғрилик қилган.
Саҳоба сўради:
—Намоздан қандай ўғрилик қилиш мумкин?
Расул (с.а.в.) жавоб бердилар:
—Бундай ўғрилар руку ва саждаларни тўла қилмайдилар.
Яна, намоз тўғрисида айтилган
бир ҳадис шу мазмундадир:
—Қиёмат куни одамлар энг олдин намоздан ҳисоб берадилар. Агар инсон ҳақиқатан намозини ўз вақтида ва тўла-тўкис адо этган бўлса, бундан кейинги ҳисоботи осонлашади. Йўқ, агар ўқиган намозлари нуқсонли ва қусурли бўлса, Аллоҳ малакларга шундай буюради:
—Бандамнинг бундан бошқа нофила (қўшимча) ибодатлари борми? Бор бўлса, улар билан нуқсонлар ўрнини қопланг!

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака туманидаги Холид ибн Валид жоме масжиди ходими