Дўстлик намунаси

ДЎСТЛИК НАМУНАСИ
Динимиз таълимотларида дўстликка ҳам алоҳида эътибор берилади. Башариятга илк бора Ислом нури келиши биланоқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир – бирлари билан бўғзу адоватда бўлган қабилалар ҳам исломий биродарлик ила ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Қурони каримда оятлар ҳам нозил бўлган. Хусусун “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилинганидек:
وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعاً وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَاناً وَكُنتُمْ عَلَىَ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ لَكُمْ آيَاتِهِ لَعَلَّكُمْ تَهْتَدُونَ
Яъни: “Аллоҳнинг арқонини жам бўлган ҳолда тутинглар ва тафриқа бўлиб кетмангиз! Аллоҳнинг неъматини эслангки, душманлар бўлган чоғингизда қалбларингизнинг ораларида улфатликни (пайдо) қилиб қўйди, бас Унинг неъмати ила биродарларга айландинингиз”. (Оли Имрон. 103)
Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака — ука каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир — бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таборака ва таоло уларни мадҳ қилиб қанча — қанча оятлар нозил қилди.
Ҳа, улар шунчаки номигагина дўстмиз деб кифояланмайдилар, балки ҳеч қачон бир — бирларига бефарқ бўлмайдилар. Дунё ва охиратнинг бахт саодатига элтгувчи йўлларга ўзларигина интила қолмай, дўстларини ҳам чорлайдилар. Дунё ва охиратда ҳор қилгувчи амаллардан ўзларигина четланиб қолмай, дўстларини ҳам қайтарадилар. Бу эса соғлом жамият учун энг тўғри йўллигига шубҳа йўқ.
Ярмук ғазотида мусулмонлар ҳақиқий биродарлик намуналарини намоён қилдилар. Ҳузайфа Адавий шаҳид бўлганлар орасида сув кўтариб олиб амакисининг ўғлини қидирар экан унинг:
— Бир қултум сув ичсам эди, – деб инграётганини эшитиб қолди.
Шошилиб у томон борди ва энгашиб:
— Сув ичириб қўяйми? – деб идишдаги сувни унинг оғзига тутди.
У энди ичмоқчи бўлган эди, яна бошқа бир одамнинг:
“Оҳ! Сув бўлса эди, ичар эдим” деб инграгани эшитилиб қолди. Ҳузайфа разияллоҳу анҳуга:
“Сувни ўшанга олиб бор” деб ишора қилди. Ҳузайфа қараса Ҳишом ибн Ос экан. Ҳишом энди сув ичмоқчи бўлган эди учинчи одамнинг инграганини эшитиб қолди.
У ҳам сувни ўша ҳамроҳига илинди. Ҳузайфа учинчи кимсага югурди. Аммо бориб қараса, жони узилган экан.
Дарҳол қайтиб Ҳишомга келди. У ҳам жон топширган. Амакисининг олдига келди. У ҳам шаҳид бўлган эди.
Ҳақиқий имон эгалари охирги нафасда, ўзлари ўта муҳтож бўлиб турган пайтда ҳам ҳақиқий исломий дўстликни намоён қилдилар.

Қамаридин Шаробиддинов. Имом Абу Юсуф масжиди имоми