Дастурхон устида тарбия

Инсон фарзанди дунёга келар экан, бегуноҳ, маъсум ҳолда, салбий хислатлардан бехабар бўлади. Уларнинг онгига қабиҳ иллатларни солгувчи ҳам, эзгулик сари етаклагувчи ҳам катталар бўлади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه و سلم ما من مولودٍ يُولدُ إلا وَ هُوَ  يُولدُ عَلَى الْفِطرَةِ  فَأبَوَاهُ  يُهَوًّدَانِهِ  أوْ  يُنَصًّرَانِهِ  أوْ يُمَجًّسَانِهِ …(رواه البخاري. المنهل الحديث)

Абу ҳурайра разияллоҳу анҳу айтади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитратдагина туғилади. Сўнг ота-онаси уни яҳудийлаштиради ёки насронийлаштиради, ёҳуд мажусийлаштиради”. (Бухорий ривояти)    

Шарқ халқлари қадимдан одоб-ахлоқ ва таълим тарбия соҳасида ўрнак бўлишга арзигулик услубларга эга бўлганлар. Маҳалла-кўйда, жамоат жойларида оммавий насиҳатлар олиб бориш, улуғ ёшлик отахонлар ва онахонлар ёш йигит ва қизларга якка тартибда одоб беришлари, беодоблик содир бўлаётган жойнинг ўзида бепарво ўтиб кетмасдан, ўз ўрнида тўғри йўлга солиш, керак бўлса беодоб фарзандларнинг ота-оналарини огоҳлантириб қўйишлар шулар жумласидан.

Шунингдек, мазкур таълим-тарбиянинг яна бир энг зарур услуби борки, бу услуб ўз ўрнида ижро этилса юқоридаги чора ва тадбирларга кўп ҳам ҳожат қолмас эди. Бу ҳам бўлса – дастурхон устида отанинг фарзандларга одоб ўргатишлиги.

Албатта, ҳар бир тадбирнинг ҳам меъёрлари бўлгани каби дастурхон устида тарбия беришликнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Бунинг учун, аввало одоб бергувчининг ўзи одобли бўлишиги лозим. Бунинг акси эса, ақлга ҳам, нақлга ҳам, мантиққа ҳам зид бўлади. Шунингдек, одобни фақатгина одоб билан беришлик даркор.

Биз  яшаб келаётган 21-асрда мазкур тарбия усулларининг етишмаслиги курраи заминнинг кўплаб жойларида ўз таъсирини билдирмоқда. Натижада ҳар ким хоҳлаган турмуш тарзида ҳаёт кечиришлиги, бу ҳолат эса Аллоҳ таоло бутун махлуқот ичида энг шарафлиси қилиб яратиб қўйган ИНСОН деган мўътабар зотнинг ахлоқ меъёрлари издан чиқиб, тилсиз ҳайвонлардан ҳам кўра тубанлашиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бу бебошликни эса Оврўпада ўзларича «демократия» деб даъво қилмоқдалар. Ўша «демократлар» ҳар қандай демократия ва инсон ҳуқуқлари жамиятдаги бошқа ҳур инсонларга маънавий зарар етказиб, уларнинг ҳам юксак инсоний ҳуқуқлари поймол бўлаётгани ҳақида негадир ўйлаб кўришни хоҳлашмаяпти. Алал оқибат очиқ ошкора беҳаёлик ва шармандаликларини ёймоқдалар.

 Ҳозирги кунда мусулмон бўлмаган халқлар ўз оғизлари ила иқрор бўлиб исломий маданиятнинг ҳар бир жабҳаси – овқатланишдан тортиб юриш-туришу, кийинишгача ҳаммаси соғлом турмуш тарзининг ҳақиқий намунаси эканлигини эътироф этиб турганда қизларимиз, ўғилларимиз уларнинг увадаси чиқиб кетган одатларига тақлид қилишлари ҳар биримизни ташвишлантириши лозим. Ахир ўз кўзимиз билан кўриб турибмизку уларнинг қандай маънавий инқирозга учраётганлигини!

Ўғилларимиз ва қизларимизда соғлом  тарбия етишмаётганлигидан оила деган муқаддас туйғуга бефарқ қаралиб, қанчалаб оилаларнинг бузилишлари келиб чиқмоқда. Ёшгина нав ниҳол келинчаклар – бева, норасида фарзандлар – тирик етим бўлмоқдалар.

Уларга оила ва никоҳ ҳақида тарбия бергувчилар эса, ўзлари оиладаги вазифаларини адо қилмаслиги, болалар ҳузурида эр-хотин жанжал қилиши, бировнинг кўзининг оқу қораси бўлган келинни таҳқирлашлиги оила аъзоларига қаттиқ салбий таъсир ўтказмоқда. На эр оилада адолатли бошлиқлик қилсин, на хотин ўзи турмуш ўртоғини ҳурмат қилиб болаларга ҳам ота деган юксак туйғуни тушунтирсин!

Ҳукуматимиз томонидан оилаларга тобора юқори эътибор берилиб, тинимсиз чора-тадбирлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, оммавий ахборот воситаларида шарқона исломий турмуш тарзи тўхтовсиз тарғиб қилиниб турса, тўй тўркинларда имом домлаларимиз жон куйдириб покиза исломий туйғуларга иршод қилиб турса, маҳалла фаоллари керак бўлса хонадонларга кириб маънавий иллатларга муолажа йўлларини ахтариб эшикма-эшик юрса биз қачон инсофга келамиз, ахир!

Токайгача келажак авлод олдидаги бурчимизга бефарқ қараб турамиз?!

Кўпроқ кечки овқат пайтида оила аъзолари жамул жам бўлиб ўтирганларида оталар шарқона тарбияларни давом эттириб, ўғил ва қизларнинг кийиниш маданиятларига эътибор беришлари зарур. Ўша кўчадаги ахлоқсиз ёшлар ҳам кимнингдур фарзандику!

Худога шукрки, ҳали ҳам кеч эмас. Статистик маълумотларга қараганда мусулмон оилалардаги ажрашишлар бошқаларга қараганда анча паст бўлиб турганда кўзимизни очсак, ҳаётимиз беҳуда ўтмас эди. Шоир айтганидек:

Йиғлаб келадир ушбу жаҳонга азиз инсон,

Кулгай у кетар он.

Шоядки, ҳаёт қарзин узиб улгурадирсан,

Қаҳ-қаҳ урадирсан.

(Э. Воҳидов)

  Тангри таоло келажак авлдод олдидаги масъулиятли бурчимизни адо этишимизга муяссар айласин.

13.05.2012

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ