Анас разияллоҳу анҳу айтади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачонки бир уйда «Бақара» сураси қироат қилинаётганини эшитса Шайтон ўша уйдан чиқиб кетади», – деганлар. (Ибн Касир тафсиридан)
Муҳаммад ибн Иброҳим ривоят қилишича Усайд ибн Ҳузайр тунда оти боғланган жойда «Бақара» сурасини қироат қилаётган эди, оти гижинглаб қолди. Тўхтаган эди, у ҳам сокин бўлиб қолди. Яна қироат қилди, от ҳам яна гижинглади. Тўхтади, яна сокин бўлди. Сўнг яна қироат қилган эди от гижинглаб ўрнидан жила бошлади. Яҳё исмли ўғли унга яқин турган эди, зарар етказишидан қўрқиб қўлига кўтариб олди. Бошини осмон томон кўтарган эди алла нарсаларни кўрди. Тонг отгач пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга кўрганларини айтиб берган эди:
- Қироат қилавер, эй Ҳузайрнинг ўғли! – дедилар.
- Эй Аллоҳнинг расули, Яҳё унга яқин жойда бўлганлигидан уни тепалаб юборишидан қўрқдим. Уни кўтариб олиб юқорига қараган эдим, осмонда қоронғудаги чироқларга ўхшаш нарсаларни кўрдим. Кейин кўринмай қолгунча қараб чиқдим, – деди Усайд ибн Ҳузайр.
- У нима нарса эканини билсанми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
- Йўқ, – деди.
- Улар сенинг овозингни эшитиш учун яқин келган фаришталар эди. Агар қироат қилаверганингда эди, тонг отиб то кўздан ғойиб бўлгунга қадар одамлар уларни томоша қилган бўлар эдилар. (Имом Бухорий ривояти)
Бунга ўхшаш ҳодиса Собит ибн Қайс разияллоҳу анҳуда ҳам содир бўлган. Жарир ибн Язид Мадина шайхларидан ривоят қилишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
- Собит ибн Қайс ибн Шумосни кўрмадингизми, кечаси ҳовлисида чироқлар ярақлаб чиқди? – дедилар.
- Ҳойнаҳой «Бақара» сурасини қироат қилган бўлса керак, – дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Собитдан сўрашган эди:
- «Бақара» сурасини қироат қилган эдим, –деди. (Абу Убайд ривоят қилган)
Улуғбек қори Йўлдошев