Ислом дини одоб ва ахлоқ динидур. Ҳаётда бизлар этибор берган ва бермаган ҳар бир ҳолат динимиз кўрсатмаларидан мосуво қолмаган. Шу жумладан кундалик одтимиз ва эҳтиёжимиз бўлган овқатланиш ҳақида ҳам талай кўрсатмалар бор. Бу кўрсатмалар кимгадур балки эриш туюлар, лекин ҳар қандай катта-кичик исломий одобларнинг замирида инсоният англаган ва ҳали англаб улгурмаган ҳикматлар борлигини бугунги кун олимлари ва тадқиқотчилари эътироф этмоқдалар. Энг қизиғи шуки, ўша олимларнинг кўпи мусулмон бўлмай туриб мазкур ҳақиқатни англамоқда.
Ҳар бир амалнинг одоби бўлганидек, овқатланишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Биз уларни ёддан айтиб бермасак-да, ҳаётда кўплаб амал қиламиз. Бироқ ўша бизлар одоб деб ҳисоблаганлиримизнинг ҳаммасига ҳам далил борми, деган савол туғилади. Шу маънода овқатланиш одобларидан озроқ намуна бермоқчимиз. Озроқлигининг сабаби, 2 ёки 3 бетдан ошиб кетган мақолаларни ўқишга негадур ўқувчиларимизнинг тоқатлари етмай қолди.
Шулардан баъзиларини келтирамиз. Аёс ибн Салама отасидан ривоят қилади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам чап қўлда ея бошлаган кишини кўриб, унга ўнг қўли билан ейишни буюрдилар. У эса: «Мен ея олмайман», дeди. Яна буюрдилар. У яна: «Мен ея олмайман «, дeди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унда еёлмай қол!», дeдилар. Шундан кeйин ўша одам ўнг қўлини умуман оғзига олиб бора олмайдиган бўлиб қолди.
Ато Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қачон бирортангиз овқатланса, бармоқларини ялагунча қўлини сочиққа артмасин», дeдилар».
Абу Бакр Ҳузалий Атодан ривоят қилади – Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Агар таомда тўртта хислат топилса, унинг шарти тўлиқ бўлади: ҳалолдан бўлса; ейилганда Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинса, сўнг кўп қўл унга узатилса ва фориғ бўлгандан кeйин Аллоҳ таолога ҳамд айтса», дeдилар.
Таомдан олдин ва кeйин туздан тотиш мустаҳаб, чунки бу ишда етмишта касалликка шифо бор дeйилган.
Яна айтганларки:
«Ҳар бир касаллик кўп eйишдан ва ҳар бир даво оз ейишдан».
Оз ейишда кўп фойдалар бор, улардан баъзилари: киши жисми соғлом бўлади, хотираси яхшиланади, фаҳми ўткирлашади, нафас олиши енгиллашади.
Кўп ейишда ошқозонга оғирлик бор, ундан ҳар хил касалликлар пайдо бўлади. Оз ейишдан иллат пайдо бўлса, озгина даводан сўнг соғаяди, агар иллат кўп eйишдан пайдо бўлса, уни кeткизиш учун кўп давога муҳтож бўлади.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Киши уйига киришда ва овқатланишда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилса, шайтон болаларига: «Сизларга қўноқ ҳам, кечки таом ҳам йўқ», дейди. Агар киши уйига киришида Аллоҳни эсламаса, шайтон: «Бошпанага эришдингиз», дейди. Агар у овқат пайти Аллоҳни эсламаса, шайтон: «Бошпанага ҳам, кечки таомга ҳам эришдингиз», дейди».
Яна ушбу одоблар ҳам бор:
Ейиладиган нарсалар ҳалол йўл билан топилган, яхши ва тоза бўлиши керак.
Фақат рухсат этилган нарсаларни ейиш ва ичиш, соғлиқ учун зарарли егуликлардан сақланиш.
Таом ейишдан олдин қўлларни ювиш ва оғизни чайиш.
Дастурхон атрофида тоза ва покиза кийимда ўтириш.
Луқмани кичикроқ олиш, овқат яхши ҳазм бўлиши учун уни яхшилаб чайнаш.
Оғизни овқат билан тўлдириб олмаслик ва оғизда овқат бор пайтда гапирмаслик.
Бошқа бир кишининг еяётган таомига ва олган луқмасига назар солмаслик.
Одамлар овқат еяётганида тишни кавламаслик. Тишдан чиққан нарсаларни одамлар назари тушмайдиган жойга ташлаш.
Овқат идишини яхшилаб тозалаб қўйиш, таомни охиригача еб, коса ва лагандаги ёғларни нон билан артиб олиш.
Овқатдан ҳосил бўлган куч-қудратни яхши, савобли ишларга сарфлаш.
Улуғбек қори Йўлдошев